Аввал қандай эди?
Мактаб таълими тизимида ўқитувчиларнинг малака ошириши 2021 йилгача даврийликка асосланган эди. Яъни бунда устозларимиз 5 йилда, мактаб директорлари эса 3 йилда бир маротаба ўқишга юбориларди. Бошқачароқ тушунтирсак, педагогларимизга "бир марта борасан, бир ой ўқийсан ва сенга 4 йил-у 11 ой тегилмайди", дейиларди. Аввалги 3 декадалик, яъни 30 йиллик давр учун бу амалиёт актуал бўлган. Аммо 1 ойгина олинган билим, ўқитувчиларга 5 йилга етарли бўладими? Ҳозирги давр учун бу етарли эмас, албатта. Чунки таълим берувчилар доимий тарзда ўз билимларини янгилаб бориши жараёнда муҳим рол ўйнайди.
Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда президентнинг тегишли қарори билан 2021 йилдан бошлаб узлуксиз тарзда малака ошириш тизими йўлга қўйилди. Бу бўйича кейинроқ яна бир қарор асосида низом ҳам тасдиқланди. Ўша йилдан бошлаб ўқитувчилар истаган вақтида истаган жойида касбий билимини оширадиган бўлди. Kun.uz'га бу енгилликлар ҳақида батафсил гапириб берган Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиевнинг айтишича, айни вақт ўқитувчиларнинг малака ошириши 3 хил шаклда олиб борилмоқда:
“Янги тизимни жорий этиш жараёнида ўқитувчиларга малака оширишнинг турли хил шаклларига, яъни масофавий, мустақил ҳамда анъанавий тарзда ўқишга рухсат берилди. Устозларимиз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, қай тартибда касбий билимини оширишни ўзи танлайди. Илгари методистлар, туман бўлимлари педагогларнинг қачон, қаерга боришини белгилаб берар эди. Эндиликда устозларимизда танлаш ҳуқуқи бор, “шароитимдан келиб чиқиб, қачон ва қаерда малака оширишни биламан”, – деган қарорни ўзлари қабул қиладиган замонга келдик. Илгари малака ошириш имтиҳонларини топшириш учун фақат битта имконият бериларди.
Уйи мана шу имтиҳон топшириладиган марказдан 250-300 км узоқликда жойлашган устозларимиз ҳам бор. Чекка ҳудудларда дарс бериб келаётган устозлар ҳақида гап кетяпти-да. Улар ҳам марказ атрофидан қатнайдиган ўқитувчилар билан бирдек курсларга боришга мажбур эди. Йўлкира, вақт, айниқса педагогларнинг аксарият қисми аёллар эканини ҳисобга олсак, иссиқ ёки совуқ мавсумларда қатнаш ҳам муаммо келтириб чиқарган. Шунингдек, ўқитувчи 1 ой давомида малака оширишга кетса, бу устознинг дарсини бошқаси олиб ўтарди ва таълим сифатига ҳам салбий таъсир қиларди.















