Жаҳон | 17:42 / 13.02.2023
17628
3 дақиқада ўқилади

Британия мудофаа вазирлиги: сўнгги ҳафталарда Россия Украинада босқин бошидан буён энг йирик йўқотишларига учради

Фото: Ukraine Weapons Tracker

Сўнгги икки ҳафтада Россия армияси Украинада катта йўқотишларга учраган. Буюк Британия мудофаа вазирлигининг ҳар кунги тезкор маълумотида айтилишича, Россия томони кенг кўламли босқиннинг илк кунларидан буён бу каби жиддий йўқотишларга учрамаганди.

Вазирлик маълумотларига кўра, бундай катта йўқотишларга қатор омиллар, жумладан фронтда таълим кўрган мутахассислар, мувофиқлаштириш ва ресурслар етишмовчилиги сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга Буюк Британия мудофаа вазирлиги бу хулоса Украина қуролли кучлари бош штаби маълумотларига асослангани, британиялик экспертларда буни мустақил текшириш имкони йўқлигига эътибор қаратган. Шунга қарамай, вазирликдагилар бу маълумотлар ҳозирда кузатилаётган тенденцияга мос келишига ишонмоқда.

Хусусан, обзор муаллифлари ҳавола берган Украина қуролли кучлари бош штабига кўра, сўнгги ҳафта давомида Россия кунига ўртача 824 кишини йўқотган. Бу Россия қўшинларининг 2022 йил июн-июл ойларидаги кунлик йўқотишларидан (кунига ўртача 170 нафар атрофида) тўрт баробардан кўпроқ. Вазирлик графигига кўра, Украинага босқиннинг илк даврида, 2022 йил февралида, Россия кунига 1140 киши йўқотган.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги Украина томони йўқотишлари ҳам катта эканини қайд этган, аммо сводкада муайян рақамлар келтирилмаган.

Россия армиясининг катта йўқотишлари ҳақидаги маълумотни «Медиазона» ва Украинада ҳалок бўлган россиялик аскарлар ҳақидаги маълумотларни йиғувчи кўнгиллилар жамоаси билан ҳамкорликда ишловчи BBC рус хизмати ҳам тасдиқлайди. Хусусан, нашр маълумотига кўра, авваллари қурбон бўлганлар рўйхатига ҳар ҳафта 250-300 ном киритилган бўлса, январ ойи охиридан —ҳафтасига ўртача 700 фамилия тасдиқланмоқда.

  • Россия ҳам, Украина ҳам қоидага кўра ўз йўқотишлари ҳақида маълумот бермайди. Россия мудофаа вазирлиги сўнгги бор ўз йўқотишлари ҳақида 2022 йил сентябрида ҳисобот берганди. Ўшанда қарийб олти минг киши ҳалок бўлгани тан олинганди. Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленскийнинг офиси декабр ойида 10-13 минг украиналик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини тасдиқлаган. 
  • Шунга қарамай, Ғарбдагилар икки томоннинг ҳам йўқотишлари ўн минглаб эканини айтади. Феврал ойида The New York Times газетаси АҚШ ва Европанинг бошқа мамлакатлари мулозимларига таянган ҳолда ҳалок бўлган ва яраланиб сафдан чиққан россиялик ҳарбий хизматчилар сони 200 мингга яқинлашгани тўғрисида хабар берганди. Бунгача Норвегия қуролли кучлари қўмондони, генерал Эйрик Кристофферсен Россия ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қўшиб ҳисобланганда қарийб 180 минг киши йўқотганини айтганди. Норвегиялик ҳарбий Украина йўқотишлари ҳақида ҳам тўхталиб, бу миқдор 100 мингдан ошишини маълум қилганди. Шунингдек, Россия босқини давомида Украина тинч аҳолиси орасидаги қурбонлар сони 30 мингдан ошган.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид