АҚШ Киев учун 10 млрд долларлик ёрдам устида ишламоқда
The Washington Post нашрининг ёзишича, Киевга йирик ҳарбий ёрдам пакети келаси ҳафта эълон қилинади. Тахминан бир вақтнинг ўзида Кремлга қарши қўшимча санкциялар жорий этилади, деб ёзади газета.
Жо Байден маъмурияти АҚШ Конгресси билан Киевга яна 10 миллиард доллар (9,3 миллиард евро) тўғридан тўғри бюджет ёрдамини маъқуллаш устида ишламоқда. Бу ҳақда 13 февраль, душанба куни The Washington Post нашри хабар берди.
Катта ҳарбий ёрдам пакети келаси ҳафта эълон қилиниши кутилмоқда. Тахминан бир вақтнинг ўзида Кремлга қарши қўшимча санкциялар жорий этилади.
Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошланганига бир йил тўладиган 24 февраль арафасида АҚШ расмийлари бир вақтнинг ўзида Киевга босимни кучайтирмоқда, деб ёзади газета. Вашингтон бу уруш ривожини ўзгартириш учун муҳим дақиқа эканлигини таъкидлаб, АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан қурол-яроғ етказиб бериш ва ёрдам кўпайиши фонида Украинадан жанг майдонида муҳим муваффақиятлар кутмоқда.
Республикачилар назоратидаги АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг кўплаб консерваторлари қўллаб-қувватлашни қисқартиришни истамоқда, шу билан бирга Европанинг Киевни қутқариш бўйича узоқ муддатли режалари ноаниқлигича қолмоқда, деб ёзади WP.
Шу пайтгача, дейди расмийлар, Конгресснинг иккала палатаси ҳам демократлар томонидан назорат қилингани ҳисобга олинса, Украинага ёрдам бўйича ҳар бир пакетга кучли икки партиявий қўллаб-қувватлов ҳамроҳ бўлган.
Байден маъмуриятининг юқори мартабали мулозими қўшимча қилишича, у хавфсизлик ташаббуслари ва Киевни иқтисодий қўллаб-қувватлаш учун АҚШ Конгрессидан олдинги даражадаги ёрдамни олишда давом этиш қийин бўлишига «қаттиқ ишонади».
«Биз уларни ҳар доим ҳам ёрдам бера олмаслигимизга, ҳамма нарсани қила олмаслигимизга ишонтиришга ҳаракат уриниб кўрамиз», — деди манба украиналик сиёсатчилар ҳақида гапирар экан. Унинг қўшимча қилишича, Вашингтоннинг Украинани «қанча керак бўлса», шунча вақт қўллаб-қувватлаш ҳақидаги ваъдалари ёрдам миқдори эмас, балки уруш вақтига ишора қилади.
Президент Байден 7 февраль куни АҚШ Конгрессига йиллик мурожаатида Украинага Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларидан ўзини ҳимоя қилишда узоқ муддатли ёрдам бериш ҳақида яна бир бор ваъда қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин буйруғи билан Украинага қилинган «шафқатсиз» ҳужум АҚШ ва бутун дунё учун синов бўлди. Қўшма Штатлар ва унинг ҳамкорлари демократия ва фундаментал қадриятларни ҳимоя қилиб, Россия урушига жаҳон ҳамжамиятининг жавобини бошқарди, деди у. «Биз НАТОни бирлаштирдик ва глобал коалиция туздик. Путиннинг агрессиясига қарши чиқдик. Украина халқи томонида эдик», - деди президент ва Қўшма Штатлар бу позицияга амал қилишда давом этишини қўшимча қилди.
Пентагон маълумотларига кўра, 2022 йил февраль ойида уруш бошланганидан бери Қўшма Штатлар Украинага 29,3 миллиард доллар (27,3 миллиард евро) ҳарбий ёрдам кўрсатган ёки тақдим этиш мажбуриятини олган.