Сўнгги кунларда украиналик сиёсатчилар ва Ғарбдаги ҳарбий таҳлилчилар томонидан Россиянинг кутилаётган кенг кўламли юриши бошланиши ҳақида тобора кўпроқ баёнотлар янграмоқда. Аммо Украинада фронтнинг турли участкаларида кескинлик ортганини юриш бошланиши деб ҳисоблаш мумкин бўлса ҳам, ҳал қилувчи юриш деб баҳолаш қийин. BBC ҳозир содир бўлаётган воқеалар Россия армиясининг сўнгги ойларда Донбассда олдинга силжишга уринишларидан нимаси билан фарқланишини таҳлил қилди.

Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко ўтган ҳафтада Украина телевидениесига берган интервюсида Россиянинг юриши «маълум маънода» бошлангани ҳақида айтди.

Ўз навбатида Луҳанск ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай  Луганскдаги юриш «амалда бошланиб кетгани» ҳақида айтди.

Шунингдек, Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) ўз сводкасида Россия армияси ташаббусни қўлга олгани ва Луҳанск областида юриш қилаётгани ҳақида хабар берди.

Россия катта юришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида январ ойи ўрталаридан буён айтиб келинаётганди. Ўшанда кузатувчилар ва экспертлар юриш икки томондан ҳам бошланишини кутиш мумкинлигини билдиришганди. Аммо феврал ойи бошида Ғарбда ва Украинадагилар фаол ҳарбий ҳаракатлар айнан Россия томонидан бошлангани ҳақида айта бошлашди.

Сўнгги ҳафталарда – айниқса, сўнгги кунларда – фронтнинг айрим участкаларида вазият чиндан ҳам кескинлашди. Аммо ҳозирча Россия қўшинларининг ҳужумлари ва олдинга ҳаракатланишини кўпчилик «катта юриш» деб ҳисобламаяпти.

Шунга қарамай, илгарилаш кузатилмоқда.

Бахмут – оператив қуршовда

Нисбатан мураккаб вазият Донецк областининг Бахмут шаҳри атрофида юзага келган, Россия армияси бу шаҳарни олиш учун август ойидан буён ҳаракат қилмоқда. Шаҳар ҳудудидаги вазият сўнгги кунларда тобора ёмонлашиб бормоқда.

Шаҳар айни вақтда Россия қўшинлари позициясидан ёриб чиққан улкан бўртиқ учига тўғри келмоқда. У шимол ва жанубдан ўраб олинган. Уни шимоли-ғарбдан, Словянск томондан келувчи таъминот йўлидан узиб қўйиш учун Россия қўшинлари ушбу йўл бўйида жойлашган Красная Гора ва Прасковийивка қишлоқларини эгаллаши талаб этилади. 

Россия армияси ҳужум қилаётган бўлса-да, буни ҳал қилувчи юриш деб аташ қийин. Фото: RUSSIAN MOD/TASS