Ўзбекистон | 16:06 / 14.02.2023
6150
4 дақиқада ўқилади

Осиё мамлакатлари электр энергетикаси тизимини қандай ислоҳ қилмоқда?

2017 йилда Вьетнам энергетика секторида қуёш энергиясидан деярли фойдаланилмаган. Аммо бир қанча муваффақиятли ислоҳотлар натижасида 2021 йилга келиб қуёш энергиясидан олинадиган қувват 17,6 GW’га етган. Индонезияда 2015 йилда қуёш электр станцияларида ишлаб чиқариш таннархи бир киловатт соат учун 25 центни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 6 центгача арзонлашган.

Фото: AP

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари электр энергетикаси тизимини ислоҳ қилиш борасида Вьетнам ва бошқа мамлакатларда амалга оширилган ишларни ўрганди.

2017 йилда Вьетнам энергетика секторида қуёш энергиясидан деярли фойдаланилмасди. Ислоҳотлар жараёнида Вьетнам ҳукумати ушбу секторда ишлаб чиқарилган энергияни юқори нархда (1 киловатт соати учун 9 цент) сотиб олиш орқали қўллаб-қувватлади. Натижада, 2019 йилга келиб, қуёш энергиясидан режада кутилган 850 MW қувват ўрнига 5 GW’га тенг электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Вьетнамда қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш борасидаги ислоҳотлар муаммосиз кечмади. Деярли барча янги объектлар мамлакатнинг қуёшли жануби-шарқий қисмида жойлашганлиги, маҳаллий тармоқда ортиқча зўриқишни келтириб чиқарди. Вьетнам электр энергияси корхонаси баъзан ҳаддан ташқари кўп ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олишда муаммоларга дуч келди.

2020 йилда Вьетнамда электр энергиясининг деярли чорак қисми қуёш панеллари воситасида ишлаб чиқарилди. Ушбу даврга келиб, мамлакатда 9,3 GW қувватга эга бўлган юз мингдан ортиқ қуёш панеллари ўрнатилган эди. Бу кўмирда ишлайдиган қарийб олтита электр станциясининг қувватига тенг.

Вьетнамнинг қайта тикланувчи манбалардан фойдаланадиган энергетика секторига инвестицияларни жалб этиш жуда муваффақиятли бўлди. Масалан, 2021 йилда қуёш энергиясидан олинадиган қувват 17,6 GW’га етди. Атроф-муҳитга ўртача 14 минг тонна карбон диоксиди чиқиб кетишининг олди олинди. Бутунжаҳон кўмир ассоциацияси маълумотларига кўра, энг замонавий кўмир электр станциялари ҳам бир GW энергия олиш учун 800 тонна CО2 чиқаради.

Ушбу мамлакатда қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг “муваффақият сири” қисқа вақт ичида қуриб ишга туширилган лойиҳалар учун 20 йил амал қиладиган “яшил” тарифлар билан боғлиқ.

Шунингдек, Индонезияда ҳам қуёш энергиясидан самарали фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар олиб борилди. Хусусан, 2015 йилда мамлакатда ўша пайтдаги энг йирик қуёш электр станцияси ишга туширилди ва ишлаб чиқариш таннархи бир киловатт соат учун 25 центни ташкил этди. Бу жуда юқори таннарх эди. Кўплаб янги қуёш станциялари ишга туширилиб, соҳанинг ривожланиши натижасида 2022 йилга келиб, бир киловатт соат энергияни 6 центдан сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди.

2012 йилда Ҳиндистонда ҳам қуёш панелларини уйларнинг томларига жойлаштиришни ўз ичига олган ва ушбу мақсадга ҳисса қўшадиган йирик лойиҳалар бўлмаган. 2022 йилда эса қўшимча 14 GW қувватга эга қуёш электр станциялари ишга туширилди. Истиқболда Ҳиндистон 2032 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқаришда қуёш энергиясининг улушини 23 фоиз (333,5 GW)га етказишни мақсад қилган.

Бугунги кунда саноатда янги технологиялар ва материалларнинг кенг қўлланиши туфайли уларнинг нархи арзонлашмоқда. Бу эса қуёш панеллари воситасида электр энергиясини ишлаб чиқариш харажатлари бир неча баробар камайишига олиб келмоқда.

Ушбу мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, улар қайта тикланадиган энергия манбаларидан (ҚТEМ) фойдаланиш кўламини оширишга тараққиёт дастурларини қабул қилиш, маъмурий тўсиқларни камайтириш, ҚТEМ учун шароит яратиш, шу жумладан қазиб олинадиган ёқилғи орқали ишлаб чиқариладиган энергия учун ажратиладиган субсидияларни тўхтатиш, тармоққа уланишни осонлаштириш, маъмурий қоғозбозликни камайтириши орқали эриша олди.

Мавзуга оид