Сўров: АҚШда демократлар Байденни яна номзод сифатида кўрсатишни хоҳламаяпти
Ipsos сўровига кўра, Демократик партия аъзоларининг 52 фоизи Байденнинг АҚШ президентлик сайловларида қайта иштирок этишини истамайди.
АҚШдаги Демократик партиянинг аксарият аъзолари бўлажак сайловларда мамлакатнинг амалдаги президенти Жо Байденни президентликка кўрсатиш ғоясини қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда 14 февраль, сешанба куни Ipsos институти буюртмаси асосида ўтказилган сўров натижаларига таяниб, Reuters хабар берди.
Сўров 6-13 февраль кунлари мамлакат бўйлаб 4408 нафар катта ёшдаги респондентлар иштирокида ўтказилди. Шу билан бирга, Демократик партия аъзоларининг 52 фоизи бўлажак президентлик сайловларида Байден номзодини қўйишни истамаслигини айтди. Таққослаш учун: Республикачилар партияси аъзолари орасида сўралганларнинг 40 фоизи АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп номзодига қарши чиқди.
"Хулоса қилиб айтганда, ушбу сўров натижалари кўплаб америкаликлар Байден ғалаба қозонган 2020 йил ноябрдаги жангнинг такрорланишини хоҳламаслигини кўрсатади", дейди журналистлар.
Ipsos'га кўра, кўпчилик сайловчилар АҚШ амалдаги президентининг иқтисодий сиёсатидан мамнун эмас. Ҳозир уни 36 фоиз сайловчилар маъқуллаган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 42 фоизни ташкил этган эди. Бундан ташқари, ноябрь ойида 81 ёшга тўлиши керак бўлган Байденни кўпчилик жуда кекса деб ҳисоблайди.
Ҳозирча Жо Байден АҚШ президентлик сайловларида қатнашиш ниятини расман эълон қилмаган. Бироқ, у ўз партиясига Конгрессга сайловларда кутилганидан ҳам яхши ўтишга ёрдам бергани инобатга олинса, праймеризда унинг рақобатчиси бўлмаслиги кутилмоқда, деб ёзади Reuters.
Байден ва Трамп вакиллари сўров натижаларига матбуотда изоҳ беришмади.