8 млрддан ошган инсониятни тўйдириш учун дунё супермаркет расталарида катта ва ялтираб, иштаҳани очиб турадиган мева ва сабзавотлар кўпайиб боряпти. Бироқ тадқиқотларга кўра, бундай мева ва сабзавотлар таркибидаги озуқавий моддалар 70 йил олдингиларидан 38 фоизгача камайган.

Тақчиллашган озиқ моддалари

Деҳқончилик маҳсулотлари таркибидаги озиқ моддаларнинг камайиши ҳақидаги илк йирик тадқиқотлардан бирини 2004 йилда Техас университети олимлари ўрганишган. Улар 43 хил экинни 1950 ва 1999 йилларда йиғилган USDA озуқавий моддалар маълумотлари билан таққослашган. Танлаб олинган экинларда 13 хил озуқавий модда миқдори ўзгаргани аниқланган.

Жумладан, B2 витамини — 38 фоиз, калций — 16 фоиз, темир моддаси — 15 фоиз, фосфор — 9 фоиз, протеин — 6 фоизгача камайгани қайд этилган. Хусусан, брокколи, карам, ханталда калций; бодринг ва шолғомда темир моддаси; C витамини миқдори эса турли кўкатларда қисқарган.

Foods журналининг 2022 йил январ сонида чиққан тадқиқотларда ҳам шундай ҳолат кузатилган. Австралияда етиштирилган ширин маккажўхори, қизил картошка, гулкарам, яшил ловия, яшил нўхат ва нўхатларда темир моддаси 30 фоиздан 50 фоизгача камайган.

Scientific Reports журналининг 2020 йилги сонидаги тадқиқотда эса дон маҳсулотларидаги озиқ моддалар камайгани исботланган. Буғдой таркибидаги протеин миқдори 1955 йилдан 2016 йилгача 23 фоизгача пасайган бўлса, марганец, темир, рух ва магнийда ҳам сезиларли пасайиш кузатилган.

Озиқ моддаларнинг камайиши кимга қандай таъсир қилади?

Дунё олимлари одамларни кўпроқ ҳўл мева ва сабзавотлар истеъмолига чақираётган бир пайтда, маҳсулотларнинг тобора тўйимсиз бўлиб бораётгани ташвишли ҳолат.