Швейцария ҳукумати (Федерал кенгаш) 2014 йил февралида Украинадаги инқилобдан кейин мамлакатда музлатилган Украина собиқ президенти Виктор Янукович шерикларининг мулкларини мусодара қилиш бўйича маъмурий тартибни бошлашга қарор қилди. Гап 130 миллион Швейцария франки (131,7 миллион евро миқдорида) ҳақида кетмоқда, бу ҳақда 15 февраль, чоршанба куни Швейцария ҳукумати сайтида хабар берилган.
Берн бу маблағлар ноқонуний келиб чиққанига ишонади. Швейцария уларни мусодара қилиш тартибини бошлаб, Украинани қўллаб-қувватлайди, дейилади пресс-релизда. Шу билан бирга, мусодара ҳақидаги қарорнинг Россияга қарши 2022 йилда жорий этилган санкцияларга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги кўрсатилган.
2014 йилда Виктор Янукович ҳокимиятдан четлатилганидан бир неча кун ўтгач, Федерал кенгаш Швейцарияда Янукович ва унинг атрофидаги шахсларга тегишли барча активларни музлатишга қарор қилди. Кейинги ойларда Украина ушбу маблағларни мусодара қилиш бўйича жиноий иш қўзғатди ва Швейцария расмийларига ҳамкорликни сўраб бир нечта хат юборди.
Ўшандан бери Швейцария Украинага кўплаб ҳужжатлар ва бошқа далилларни тақдим этди, деб эслатди Берн. Шунга қарамай, жиноий иш қўзғатилганидан бери Украина ҳукумати Янукович атрофидагиларнинг мол-мулкини мусодара қилишга уринишда муайян қийинчиликларга дуч келди.
«Шу пайтгача улар (Украина расмийлари) мол-мулкни мусодара қилиш тўғрисидаги суд қарорини ололмадилар. Россиянинг 2022 йилда Украинага қарши бошлаган ҳарбий тажовузи бу қийинчиликларни жиддий равишда кучайтирди. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Федерал кенгаш «Ноқонуний хорижий активлар тўғрисида»ги қонун (FIAA) асосида мусодара қилиш жараёнини бошлаш ва амалга ошириш мумкин, деб ҳисоблайди», — дейилади Швейцария ҳукумати баёнотида.
Қайд этилишича, Швейцария маъмурий адлия тизими уларни мусодара қилиш масаласи бўйича якуний қарор қабул қилгунига қадар активлар музлатилган ҳолатда қолади. Мусодара қилинган тақдирда, активлар халқаро келишув асосида Украина халқига қайтарилади, дея таъкидлайди Швейцария расмийлари.















