Тошкентда 10 февралдан бошлаб Қўйлиқдан қатновчи бир қанча автобус ва йўналишли таксилар қатнови Food city савдо мажмуасигача узайтирилди.
Бунга Фарғона йўли кўчасини Бектемир шоссеси билан боғловчи йўл ўтказгич қурилиши ва йўл-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб экани айтилди.
Натижада 5 та автобус ва 10 та йўналишли таксида жамоат транспортининг йўли салкам 6 кмга узайиб, савдо мажмуасининг автошоҳбекатигача бормоқда.

Бу – Бектемир туманида яшовчилар учун ноқулайликлар туғдираётгани айтилмоқда. Facebook'даги “Potrebitel.uz” каналига жойланган пост эгасининг айтишича, одамлар ишга бориш учун автобусларни 1 соатгача ҳам кутишмоқда.
“Бектемир тумани ҳокимига пиёдалар йўлаклари, йўллар учун катта раҳмат айтмоқчиман, шунингдек, барча транспортларни Қўйлиқдан Food city'гача олиб борганлари учун ҳам алоҳида ташаккур. Энди ишга бориш учун микроавтобус ёки автобусни бир соат кутишга тўғри келяпти. 1 соат кутган бўлсанг, ана энди унга чиқишга урин.
Пиёдалар йўлаклари алоҳида масала, улар шунчаки олиб ташланди ва ҳозир ундан арматура чиқиб турадиган ва ҳар ёмғирда сув билан тўладиган чуқурлик қолган. Ҳоким гавжум транспортда, шундай пиёдалар йўлакларида юришини, қўшимчасига устига автомобиллар сув сачратиб кетишини истардим”, – деган у.

“Қўйлиқ-1, 4 даҳаларидан бизга энг керакли бўлган 93-йўналишли такси олиб ташланди. Ҳаммаси “Жрать Сити”га олиб борилди…” – деб ёзади яна бир фойдаланувчи.
















