“Эски Жува” бозорида сотувчи аёл ўзаро жанжал вақтида ҳамкасбининг қулоғини тишлаб узиб олди
28 ва 29 ёшдаги аёлларнинг ҳар иккиси суд томонидан жавобгарликка тортилган.
“Эски Жува”нинг сут маҳсулотлари растасида сотувчилик қиладиган икки аёл ўртасидаги жанжалга анча вақтдан буён давом этиб келган келишмовчилик сабаб бўлгани айтилмоқда. Натижада 1994 йилда туғилган аёл қўшни савдо растасида сут маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи 1993 йилда туғилган ҳамкасбини дўппослаб, камига қулоғининг бир қисмини узиб олган.
Судга оид тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, 29 яшар аёлга ўнг қулоқ солинчаги эзилиб йиртилган яраси, чап елка, чап болдир ички, ўнг сон ва ўнг болдир соҳалари қонталашлари, чап қўл 5-кафт суяги сатҳи, ўнг лунж ва ўнг товон соҳалари шилинмалари кўринишидаги баданнинг тузалмайдиган даражадаги хунуклашишига сабаб бўлган қасддан оғир шикаст етказилган.
Қулоғи тишланган аёл ҳам рақибига бир қанча жароҳат етказган. Бироқ экспертизаси чап елка соҳаси қонталаши, пастки лаб ички шиллиқ қаватига қон қўйилиши кўринишидаги жароҳатларни соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келадиган енгил шикаст деб топган.
“Ўша куни эрталабдан савдо қилиш мақсадида иш жойимга келдим. Орадан бироз вақт ўтиб, ёнимга сотувчи ҳамкасбим ҳам келди. Бир неча соат вақт ўтганидан сўнг олдимизга харидор келди ва менинг маҳсулотим ёққанини айтди. Ҳамкасбим унга маҳсулотим Қашқадарёдан келиши, сифати яхши эмаслигини айтиб харидорни қайтармоқчи бўлиб ҳаракат қила бошлади. Шеригим ўз маҳсулоти солинган қошиқни узатди. Қўлини ортга итариб юборганимдан сўнг, у мени тепди. Сўнг эса у сочимга, мен эса унинг ёқасига ёпишдим”, дея судда кўрсатма берган тишлонғич аёл.
“Бир вақт ўнг қулоғимда кучли оғриқни ҳис қила бошладим ва “қўйиб юбор” деб бақирдим. Ўша ердаги бир аёл шеригимнинг устидан челакда сув сепгач, у тўхтади ва унинг юзига қараганимда оғзи қон эканини кўрдим. Шок ҳолатига тушиб, қулоғимга қўлим билан теккан вақтимда ўнг қулоғимнинг ярми йўқ эканини билдим, атрофдагилардан қулоғимнинг узилган қисмини қидиришни илтимос қилдим, – дейди 29 яшар судланувчи.
Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганованинг маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан қулоғининг ярмидан айрилган аёл қасддан баданга енгил шикаст етказишда айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилган. Тишлонғич аёлга эса 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
11:30 / 01.11.2024
Тошкентда йўл талашган ҳайдовчилар ўзаро жанжаллашди
08:00 / 07.10.2024
Тошкентдаги Ибн Сино бозори биноси сотувга қўйилди
17:25 / 24.08.2024