Қўлбола картошка

2022 йил 13 январ. Тошкент вилоятининг Тошкент туманида “Damas” машинасини бошқариб кетаётган шахслар кузатув остига олинади. Туманнинг Ҳасанбой маҳалласида “Damas”га юкланаётган 3 дона хўжалик қоплари тезкор ходимлар томонидан тўхтатиб қолинади.

Қоплар холислар иштирокида очиб кўрилганида уларнинг ичидан картошка кўринишига келтирилган 481 дона ўрам чиқади. Мазкур ўрамларга жами оғирлиги 77 кг 95 гр бўлган опий ва гашиш гиёҳванд моддалари ўралганди. Тезкор тадбир давомида ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олиши керак бўлган хорижий давлат фуқароси ҳам қўлга олинган.

14 млн долларлик тиркама 

2022 йил 13 феврал. Тошкент вилоятидаги “Ойбек” чегара божхона постидан ўтаётган юк машиналаридан бири божхоначиларда шубҳа уйғотади. Ҳужжатларга кўра, қўшни давлатдан Россия Федерациясига қараб йўл олган ушбу юк машинасига 21,6 тонна пахта толаси ортилган. Буни инспекцион кўрик мажмуасининг тасвирлари ҳам тасдиқлаган. Аммо тасвирларда нимадир ғалати эди. Шу сабабли юк машинаси чуқурлаштирилган ҳолда божхона кўригидан ўтказилади. 107 та пахта тойи тиркамадан туширилади. Шу тариқа тиркаманинг шубҳали туюлаётган олд қисми яқиндан синчиклаб кузатилади ҳамда яширин бўлмалар борлиги аниқланади. У ерда 232 дона ўрамда жами 229,7 кг героин гиёҳванд моддаси бор эди.

Норинли доллар

2022 йил 24 феврал. Тошкент халқаро аэропортида Истанбулга парвоз олдидан йўловчилар бирин-кетин рўйхатдан ўтишмоқда. Аммо йўловчилардан бири “яшил” йўлак орқали ҳаракатланар экан, унинг безовталаниши божхона ходимларининг диққатини тортди. Шу сабабли ушбу йўловчи ва унинг багажи божхона назоратидан ўтказилган. Натижада эса у озиқ-овқат маҳсулотлари орасига 286 минг АҚШ долларини яшириб олиб кетаётгани аниқланган.