Кристианни қидириш ишлари 11 кун давом этди.
Бутун дунё қарийб икки ҳафта мобайнида Туркия ва Сурияда 6 феврал куни рўй берган даҳшатли зилзила оқибатларини кузатиб борди. Сўнгги маълумотларга кўра, икки мамлакатда табиий офат қурбонлари сони 46 мингдан ошган ва бу сўнгги рақамлар эмас - жойларда харобаларни тозалаш ишлари давом этмоқда.
Футбол билан боғлиқ марказий сюжетлардан бири Кристиан Атсунинг тарихи бўлди. Ганалик 31 ёшли яримҳимоячи Туркия чемпионатида «Ҳатайспор» клуби аъзоси эди, бу клуб зилзиладан энг кўп талафот кўрган Ҳатай вилоятида жойлашган. У 6 феврал кунидан алоқага чиқмай қўйганди. 18 феврал куни эса қўрқув билан кутилган хабар тасдиқланди — Атсунинг жасади харобалар остидан топилди.
Агенти ва клуби Атсунинг ўлимини тасдиқлади, бунгача у тирик ҳолда чиқариб олингани ҳақида хабарлар тарқалганди
6 феврал куни Fanatik нашри Кристиан Атсу ва «Ҳатайспор» клуби спорт директори Танер Савут йўқолиб қолгани ҳақида хабар берганди. Шу куни кечқурун Португалиядаги A Bola нашри Атсу бино харобалари остида тирик топилгани ҳақида хабар берди, хабарда унинг нафас олиш билан боғлиқ муаммо кузатилаётгани ва оёғи шикастлангани ҳақида тафсилотлар ҳам бор эди. Кейинги кун тонгида эса «Ҳатайспор» раҳбарияти бу янгиликни рад этиб чиқди — клуб фахрий президенти Лутфа Савас қидирув ишлари давом эттирилаётганини маълум қилди.

Шу куни, 7 февралда «Ҳатайспор» менежери Мустафо Ўзат Атсу омон қолганини хабар қилди: «Кристиан Атсу жароҳатлар билан топилди. Бизнинг спорт директоримиз Танер Савут, афсуски, ҳамон харобалар остида қолмоқда. Ҳатай жуда жиддий талафот кўрган. Биз энг хавфли соатлар охирига яқинлашмоқдамиз», — деди у Millyet нашрига. Ва бу маълумот ҳам хато бўлиб чиқди — кейинроқ Ўзат ўзига раддия берди.
«Биз «Ҳатайспор» президенти билан Кристиан Атсу масаласида учрашув ўтказдик. У харобалар остидан қора танли одам чиқариб олганини, аммо бу Атсу экани аниқлигини билмаслигини айтди», — дея изоҳ берди Туркия футбол федерацияси президенти Меҳмет Буюкекши.
Кристианнинг тақдири 18 февралга келиб узил-кесил аниқ бўлди. «Кристиан Атсу топилди. Афсуски, у вафот этган», — дея ёзди ижтимоий тармоқларда футболчининг агенти Мурат Узунмеҳмет. Кейинроқ маълумот «Ҳатайспор» томонидан тасдиқланди, клуб хабарида шундай дейилган: «Ўз ҳамдардлигимизни билдирамиз. Харобалар остида вафот этган футболчимиз Кристиан Атсунинг танаси Ганадаги она шаҳри томон йўлга чиққан. Биз сени унутмаймиз, Атсу. Гўрингда тинч ёт, ажойиб инсон. Қайғумизни ифодалаш учун сўз йўқ».

















