Жаҳон | 13:39 / 19.02.2023
29822
6 дақиқада ўқилади

«Сиз жавобгарликка тортиласиз» — Мюнхен конференциясининг иккинчи кунида нималар дейилди? 

Мюнхенда хавфсизлик бўйича конференция давом этмоқда, унда шанба куни Буюк Британия бош вазири Риши Сунак ва АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис чиқиш қилишди. Уларнинг чиқишлари асосан Украина мавзусига бағишланди. Ўтган йилги конференция Россиянинг Украинага босқинига бир неча кун қолганида бўлиб ўтганди.

Фото: PA MEDIA

Камала Ҳаррис ўзининг анча узоқ давом этган нутқида НАТО давлатлари Москванинг ноқонуний тажовузига қарши туришда бирдамлиги ва АҚШда Россия Украинада содир этган инсониятга қарши жиноятлар бўйича далиллар борлигига урғу қаратди. Буюк Британия бош вазири Риши Сунак эса қисқа муддат ичида Украинага ҳарбий ёрдам ҳажми оширилиши зарурлигини қайд этди.

Камала Ҳаррис Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини қатъий қоралади.

«Россия кучлари Украина тинч аҳолисига қарши кенг кўламли ва тизимли ҳужумлар уюштирмоқда», деган АҚШ вице-президенти қатллар, зўрлашлар, қийноқ ва куч билан депортацияларга (болаларга нисбатан ҳам) ишора қилиб.

Камала Ҳаррис Украинадаги уруш давридаги ваҳшийликларни, жумладан Бучадаги воқеалар ва Мариупол драма театри бомбардимон қилинишини тавсифлаган.

«Биз далилларни ўргандик. Биз ҳуқуқий стандартларни биламиз. Шубҳа йўқки, булар инсониятга қарши жиноятлар», дея таъкидлаган у.

Россия АҚШ маъмурияти март ойида хулоса қилганидек фақат ҳарбий жиноятлар эмас, балки тинч аҳолига қарши ноқонуний ҳаракатлар ҳам содир этгани тасдиқланган.

«Уларнинг хатти-ҳаракатлари бизнинг умумий қадриятларимизга, умумий инсонийлигимизга ҳужумдир», дея қайд этади вице-президент.

«АҚШ Россия инсониятга қарши жиноят содир этганини расман тасдиқлайди», дейди у.

Байден маъмурияти Украинага тахмин қилинган жиноятларни ўрганишда ёрдам кўрсатишда давом этади.

«Мен бу жиноятларни содир этганларнинг барчасига - бу жиноятларга алоқадор бўлган уларнинг раҳбарларига ҳам қарата айтаман - сиз жавобгарликка тортиласиз», деган Камала Ҳаррис.

Россия тинч аҳоли вакилларига зарба бераётганини бир неча бор рад этиб чиққан.

Мюнхен конференциясидаги чиқиши якунида АҚШ вице-президенти россияликлар президенти ғалаба қозона олмаслигини таъкидлади.

«Агар Путин вақтдан ютиш орқали ғалаба қозонаман деб ўйлаётган бўлса, қаттиқ адашади. Вақт унинг фойдасига ишлаётгани йўқ», деган у.

Ҳаррис ўз нутқини АҚШ Украинани қатъий қўллаб-қувватлашни давом эттиришини тасдиқлаш билан якунлаган ва Вашингтон Киев билан ҳамкорлик қилишдан фахрланишини айтган.

«Биз Украинага қанча керак бўлса шунча ёрдам берамиз», дея қўшимча қилган у.

Риши Сунак: қўллов, кўмак, бирдамлик

Ундан кейин чиқиш қилган Британия бош вазири Риши Сунак ҳозир Украинага ҳарбий ёрдам кўламини икки баробар оширишнинг айни пайти эканини қайд этди.

Фото: EPA

Британлар бош вазири Буюк Британияни Путин хато қилаётганини исботлашга чақирди.

У бу сўзлари билан АҚШ вице-президентининг чиқишини такрорлади.

Риши Сунак шунингдек жаҳон етакчиларини Украинанинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беришга чақирди.

Сунак коллектив НАТО Украинага кейинги ойларда бутун 2022 йил давомида етказиб берилган миқдордаги техникани беришини айтиб ўтди.

«[Урушни Украина ютиши учун] бизда ҳарбий тактика бўлиши лозим. Путин Ғарб ёрдам беришдан чарчайди деб ўйламоқда, лекин бундай эмас.

Шунингдек, бизда кейинчалик тинчликка эришиш учун сиёсий тактика ҳам бўлиши керак. Ҳарбий тактика доирасида Украинага узоқ масофага мўлжалланган ракеталар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими керак.

Биз биргаликда Украинага Россия бомбалари ва Эрон дронларидан ҳимояланишда ёрдам кўрсатишимиз даркор ва шунинг учун Буюк Британия Украинани нисбатан узоқ радиусга ҳаракатланувчи қуроллар билан таъминловчи илк давлат бўлади», деган Сунак.

Сунак Буюк Британия иттифоқчилар билан биргаликда Украинани нисбатан илғор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш ва миллатни мудофаа қилиш учун зарур бўлган ҳарбий-ҳаво кучлари ташкил этишга ёрдам кўрсатиш устида ишлаётганини қайд этиб ўтган.

Шу туфайли ундан Украинага қирувчи самолётлар етказиб берилиши эҳтимоли борасида сўрашди.

Риши Сунак муайян типдаги самолётларни етказиб беришда «мураккабликлар» борлигини айтди, аммо Буюк Британия украин ҳарбийларини НАТО стандартларидаги самолётлардан фойдаланишга ўргатаётганини қайд этган.

Сунак Буюк Британия Киевга тез фурсатда самолётларини етказиб бера оладиган мамлакатни «мамнуният билан қўллаб-қувватлаши»ни қўшимча қилган.

Жума куни президент Зеленский конференция иштирокчиларини Украинани имкон қадар яхшироқ қуроллантиришга чақирганди

Франция президенти Эммануэл Макрон Россияни «мафия давлати» деб атади.

Бир йил аввал Путин билан гаплашганимда у Россияни «Вагнер» гуруҳи билан ҳеч нарса боғлаб турмаслигига мени ишонтирган эди. Мен буни ишонч билан қабул қилган эдим.

Бугун эса «Вагнер» гуруҳи Украинадаги урушда иштирок этаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ҳол Россия оддий мафия давлати эканини англатади», дея французлар президентининг Мюнхен конференциядаги сўзларини келтирган Politico нашри.

Германия ТИВ раҳбари Аннелена Бербок ўз мамлакати Россия билан тинчлик имзоланиши учун Украина ўз ҳудудларидан воз кечиши кераклиги тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

«Босқинчилик билан эгалланган ҳудудларни бериш бўйича талаблар бу урушни қўллаб-қувватлашни англатади. Биз бундай қила олмаймиз», деган Бербок хоним.

Германия ташқи ишлар вазири Россия президенти Владимир Путинни «360 даража бурилиш»га чақирди. Унинг баёнотига кўра, шундан кейингина Украина хавфсиз бўлади. (У Россия президентини «180 даража бурилишга» чақиришни назарда тутган, аммо янглишиб кетган).

«Президент Путин буни ҳал қилишда эркиндир», дея қўшимча қилди Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.

Мавзуга оид