Азим Муллахонов Муқимий театрига директор бўлди
Театрга шу вақтгача Александр Бекжонов раҳбарлик қилаётган эди.
Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига директор этиб тайинланди. Бу ҳақда 22 феврал куни театрда Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари ва театр жамоаси иштирокида йиғилишда маълум қилинди.
«Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов йиғилишни очиб, театр санъати олдида турган айрим масалалар ва уларнинг ечимлари, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар хусусида фикрлашилди.
Шундан сўнг, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига директор этиб Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов ҳамда театр бош режиссёри этиб Достон Ҳақбердиев тайинланганлиги расман эълон қилинди», дейилади хабарда.
Маълумот учун, Азим Муллахонов 1960 йилнинг 17 феврал куни Тошкент шаҳрида туғилган. У узоқ йиллар Муқимий театрида ишлаган, 2014 йилда 88 ёшида вафот этган Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматованинг ўғли ҳисобланади.
Азим Муллахонов 15 ёшида Муқимий театрига овоз муҳандиси сифатида ишга қабул қилинган. Кейинроқ Ўзбекистон халқ артисти Наби Халилов дирижёрлигидаги оркестрда гитарачи бўлган. 1990 йили ўтказилган Ботир Зокиров номидаги танловда олий ўринни қўлга киритга, «Шайтанат» телесериали учун ижро этган қўшиғи туфайли халқ эътиборига тушган.
Эслатиб ўтамиз, Муқимий театрига 2016 йилдан директор бўлган Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов 2021 йил 15 апрел куни коронавирус туфайли 58 ёшида вафот этганди. Шундан сўнг унинг ўрнини актёр Александр Бекжонов эгаллаганди.