Ўзбекистонда IT хизматлар экспорти келгусида 1 миллиард долларга етказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш бўйича 2023 йилги вазифалар ва режаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида топшириқ берди.

Йиғилишда сўнгги уч йилда IT соҳасига қаратилган жиддий эътибор натижасида маълум ўзгаришларга эришилгани таъкидланди.

Масалан, ўтган йилда IT Park резидентлари 5 триллион сўмлик хизматлар кўрсатди (2021 йилда 2,5 триллион сўм), 140 миллион долларлик хизматларни экспорт қилди (2021 йилда 50 миллион доллар). 

Шу билан бирга, мавжуд 715 та давлат хизматидан 370 таси рақамли платформага ўтказилиб, бу хизматлардан ўтган йили 12 миллион аҳоли фойдаланди (2021 йилда 9 миллион бўлган).

Рақамлаштириш натижасида 70 дан ортиқ турдаги маълумот ва ҳужжатлар аҳолидан талаб қилиниши бекор қилинди.

Давлат раҳбари соҳада амалга оширилган ишлар етарли эмаслигини, IT хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларгача ошириш режа қилинганини қайд этди. 

Бунинг учун:

  • камида 100 минг нафар малакали дастурчи, IT архитекторлари, операторлари ва муҳандислари кераклиги;
  • ҳудудларда юқори тезликдаги интернет ва мутахассислар учун шарт-шароитларни кенгайтириш лозимлиги;
  • хорижий IT компаниялар кўпайиши учун янада қулай муҳит яратиш зарурлиги;
  • замонавий IT касбларга ўқитиш тизимини яратиш кераклиги;
  • аҳоли ва тадбиркорлар учун энг зарур бўлган камида 200 та янги электрон хизматларни ишга тушириш шартлигини кўрсатиб ўтди.

Йиғилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини янада ошириш зарурлиги таъкидланди. Масалан, вазирликларнинг 5 мингта функциясидан фақат 30 фоизи рақамлашган.

Электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш автоматлаштирилган тизимининг (ЭҲНАТ) 160 дан ортиқ функцияси бўлса-да, ҳозирда фақат 1-2 тасидан фойдаланиляпти, холос. Жумладан, туман электр тармоқлари корхоналари қаерда авария бўлганини фақат аҳоли мурожаати орқали билади.

Шу каби масалалар тартибга солинмагани танқид қилиниб, мутасаддиларга ЭҲНАТ имкониятларини тўлиқ инвентаризация қилиб, уларни ҳудудларнинг электр балансини шакллантириш, ноқонуний уланишлар ва аварияларни назорат қилиш, истеъмолни режалаштириш каби йўналишларда ишлатиш топширилди.