«Энфилд»да ҳашаматли спектакл қўйиб берилди — 2:5.

«Ливерпул» — «Реал» 2:5
Голлар: Нуньес (4), Салоҳ (14) — Винисиус (21, 36), Милитао (47), Бензема (55, 67).
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Гомес (Матип, 73), Робертсон, Байчетич (Эллиотт, 85), Ҳендерсон (Милнер, 73), Фабиньо, Салоҳ, Гакпо (Фирмино, 64), Нуньес (Жота, 64).
«Реал» – Куртуа, Карваҳал, Рюдигер, Милитао, Алаба (Начо, 27), Модрич (Кроос, 87), Валверде, Камавинга, Бензема (Асенсио, 87), Винисиус, Родриго (Себальос, 81).
Огоҳлантиришлар: Винисиус (60), Эллиотт (90+3).

Тўққиз ой ўтиб

Ўтган йилги Чемпионлар лигаси финалидан буён тўққиз ой ўтди. Бу вақт ичида «Реал» кучсизланмагани аниқ, «Ливерпул»ни эса Париждаги ўша мағлубият бутунлай чўктириб юборгандек. Ноябр ойида, қуръа ташлаш маросими ўтказилганида кўпчилик амалдаги чемпион финалчини осон мағлуб этишини тахмин қила бошлади — қизиллар ўшанда АПЛда ўнинчи ўринда эди ва «Лидс» ҳамда «Ноттингҳем Форест»га ютқазганди, «Барселона»ни енгганди.

Қишга келиб ҳам кўп нарса ўзгаргани йўқ. Мадридликлар клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишди, инглизлар эса барча ички турнирларни тарк этишди ва АПЛнинг уч ўйинида ўртамиёна жамоалардан учтадан гол ўтказиб юборди — «Вулверҳэмптон», «Брайтон» ва «Брентфорд». Мухлислар ижтимоий тармоқларда Юрген Клоппнинг истеъфосини талаб қила бошлади, ҳолбуки германиялик мутахассис ўз номини абадийлаштириши мумкин эди — «Ливерпул» совринлар бўйича покер қайд этишга жуда яқин турганди.

Мезбонларнинг идеал старти

Ҳозир эса мерсисайдликлар мавсум ўртасига келиб мавсумни совринсиз якунлаши деярли аниқ бўлиб улгурган — фақат Чемпионлар лигасида назарий имконият сақланиб турганди. Ва бунинг ҳам ижобий томони бор: тўртта турнирда кураш учун максимал эътибор қаратиш осон бўлмасди, бу ўринда эса танлашга ҳожат йўқ. Эҳтимол, айнан шу «Ливерпул»нинг ўйинни ажойиб бошлашига таъсир қилгандир.

«Реал» камдан кам ҳолларда иложсиз ҳолатда қолади, аммо «Энфилд»даги дастлабки 15-20 дақиқаликда мадридликлар ўйинини бошқача таърифлаб бўлмасди. Карло Анчелотти жамоаси умуман ўйинга кириша олмади. Жароҳат олиб сафдан чиққан Кроос ва Тчуаменисиз майдон марказида тартибсизлик ҳукм сурарди — Камавинга умуман босимга дош бера олмади ва дебютдаёқ бир неча қўпол хатоларга йўл қўйиб улгурди. Чап қанотда эса Алаба Салоҳнинг темпига улгура олмади, бўлим ўрталарида эса жароҳат олди — унинг ўрнига ўнг оёқда ўйновчи Начони туширишга тўғри келди.