Тошкент ИЭМда 2та газ турбина қурилмаси қурилмоқда
Лойиҳа амалга ошгач, марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 млн KW соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади.
Тошкент иссиқлик электр марказида ҳар бирининг қуввати 32 MWга тенг бўлган иккита газ турбина қурилмасини қуриш ишлари давом этмоқда. Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси пудратчилигида қилинаётган лойиҳа 2024 йилгача ишга туширилиши белгиланган. Қурилиш майдонида 120 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.
“Айни пайтда фундамент ишлари якунланган. Бош оператор биноси 2-қавати қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Янги газ турбина ускуналарини Япония компанияси етказиб беради. Бу энергия тежамкор, кам газ ёқилади ва атмосферага кам зарарли моддалар чиқаради. Лойиҳамиз ишга тушиши натижасида 219 минг куб метр табиий газ тежалади”, — дейди “Тошкент ИЭМ” АЖ инженери Саидкомил Саидмуродов.
Лойиҳа президентнинг 2018 йил 23 октябрда қабул қилинган “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа якунлангач, марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 млн KW соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади.