Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Белгород областининг Украина чегарасига яқин ҳудудида Су-25 қулади
Учувчи ҳалок бўлган.
Белгород областида Россия ҳарбий космик кучларига тегишли Су-25 русумли штурмовик қулади, учувчи ҳалок бўлган. Россия мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларга кўра ҳалокатга техник носозлик сабаб бўлганини маълум қилган.
РФ мудофаа вазирлиги ҳарбий самолёт «жанговар топшириқни бажариб, Белгород областидаги аэродромдаги базага қайтаётган вақтда» ҳалокатга учраганини маълум қилган.
Жанговар топшириқ айнан нима бўлганига аниқлик киритилмаган. Белгород области Россия бир йилдан буён уруш олиб бораётган Украинага чегарадош ҳисобланади.
«Учувчи ҳалок бўлган», - дейилган вазирлик хабарида. Аввалроқ ТАСС агентлиги пилот катапульта бўлишга улгурганини хабар қилганди (шу билан бирга, агентлик манбаси Су-25 штурмовиги эмас, Су-24 русумли фронт бомбардимончиси ҳалокатга учраганини айтганди).
«Самолёт одамлар яшамайдиган ҳудудга қулаган, қуруқликда вайронгарчиликлар кузатилмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатга техник носозлик сабаб бўлган», дейилади РФ мудофаа вазирлигидан иқтибос келтирган «Интерфакс» хабарида.
Ҳарбий самолёт ҳалокатга учрагани ҳақида дастлаб Белгород области губернатори Вячеслав Гладков хабар берганди (русумига аниқлик киритмаган ҳолда). «Валуйки шаҳар округи ҳудудида мудофаа вазирлиги самолёти қулади. Ҳозирда воқеа жойида тергов гуруҳи ва ФВВ ходимлари иш олиб бормоқда. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. Вазият назорат остида», дея ёзган у телеграм-каналида.

«Самолёт қишлоқ атрофида аварияга учради. Пилот катапульта қилишга улгурди. Унинг ҳолати аниқлаштирилмоқда», дея хабар берди ТАСС агентлигининг кучишлатар тузилмалардаги манбаси.
«Аҳоли қурилмасига урилган. Фуқаролар орасида қурбонлар йўқ. Пилотнинг ўзи катапульта бўлган ва омон қолган», - дея ёзади ҳарбийлашган блогер Борис Рожин телеграм-каналида.
Baza нашрига кўра, учувчи ҳоспиталга олиб кетилган, аммо кўп ўтмай олинган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
2022 йил 17 октябрида Су-34 русумли қирувчи-бомбардимончи самолёт Краснодар ўлкасида Ейск шаҳридаги турар жой биносига келиб урилган, натижада 15 киши ҳалок бўлганди. РФ мудофаа вазирлиги икки учувчи ҳам катапульта қилингани ва улар омон қолишгани ҳақида хабар берган.
Су-25 - жанг майдонида қуруқлик қўшинларини қўллаб-қувватлаш, қуруқликдаги нишонлар ва ҳаводаги паст тезликда ҳаракатланувчи нишонларни йўқ қилиш учун мўлжалланган, ҳар қандай об-ҳаво шароитида уча олувчи, товуш тезлигидан паст тезликда ҳаракатланувчи зирҳли реактив штурмовик ҳисобланади. 1970-йилларнинг биринчи ярмида Сухий номидаги тажриба-конструкторлик бюросида ишлаб чиқарила бошлаган.
Украинанинг Харкив области билан чегарадош бўлган Белгород области Россиянинг бир йил муқаддам бошлаган кенг кўламли босқини давомида кўп марта Украина томонидан туриб ўққа тутилган.