2023 йил 23 феврал куни Тожикистонда бир нечта зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб тумани марказидан 67 километр ғарбда, Сарез кўлидан 30 километр шарқда жойлашгани айтилди.

Шу куни тушгача ер яна бир неча марта силкинди. Қайд этилган магнитудалар 4,5 – 5 балл бўлди. Содир бўлган зилзилалар эпицентри Сарез кўлига яқин жойда бўлгани кўпчиликда хавотир уйғотди.

Бироқ Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот котиби Умида Юсуфий хавотирларга ўрин йўқлигини айтиб чиқди.

«Сарез кўлида кузатув ва эрта огоҳлантириш тизими меъёрида ишламоқда. Ўзгарувчанлик ва ўзгаришлар қайд этилмаган. Кўлга сув келиши ва унинг оқими ўзгаришсиз қолди», деди у.

Баланд тоғлар орасида жойлашган Сарез кўли атрофида тез-тез зилзила содир бўлиб туради. Аксарият олимлар уни «Уйқудаги аждарҳо» деб аташади ва кўл билан боғлиқ хавотирлар тез-тез айтилиб турилади.

Фото: dailymail.co.uk

Жумладан, 2020 йил 6 ноябр куни Британиянинг Daily Mail нашри Тожикистондаги Сарез кўли ҳақида мақола эълон қилганди. Унда мазкур кўл «Аста-секинлик билан ҳаракатга келувчи табиий бомба» деб аталган. Шунингдек, Сарез кўлида юз бериши мумкин бўлган фалокат тарихдаги энг ёмон табиий офатга олиб келиши мумкинлиги айтилган.

Мақолада ёзилишича, Марказий Осиё мамлакатлари нафақат бой табиати, балки табиий ҳолда шаклланган бир қатор жиддий хавотирли муаммолари билан ҳам ажралиб туради.

«Тожикистон ҳудудидаги Помир тоғларида жойлашган Сарез кўли нафақат бу мамлакат, бошқа Марказий Осиё мамлакатлари учун катта хавф туғдиради. Кўчки натижасида табиий тўғон билан ўралган мазкур кўл табиий мўъжиза бўлиш билан бирга аста-секинлик билан ҳаракатга келадиган бомбага ўхшайди. Агар Сарезда фалокат содир бўлиб, суви оқиб кетадиган бўлса, тарихдаги энг ёмон табиий офатни келтириб чиқариши мумкин. Миллионлаб тонна сув, шағал ва чўкиндилар Бартанг, Панж ва Амударё бўйлаб оқиб, эҳтимол Орол денгизигача етиб бориши мумкин. Фалокат оқибатида Марказий Осиёда миллионлаб гектар ерларни, шунингдек,Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонда кўплаб аҳоли манзилларини сув босиши мумкин»