Жаҳон | 08:33 / 25.02.2023
10345
2 дақиқада ўқилади

Германия Киевга қўшимча Leopard 2 танкларини юборади

Германия Украинага Бундесвер захираларидан яна тўртта Leopard 2 А6 танкини етказиб беради ва уларнинг умумий сонини 18 тага етказади. Бундай қарор Германия мудофаа вазири Борис Писториус томонидан қабул қилинди. 

Фото: U.S. Army photo

«Португалия ва швед ҳамкорларимиз билан биргаликда биз Украина танк батальонини тўлиқ жиҳозлаш имкониятига эгамиз», — деб ёзди Германия Мудофаа вазирлиги Twitter'да. Украина батальон, қоида тариқасида, 31 та танкка эга бўлади.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок иттифоқчиларни Германияга эргашишга ва Украинани Leopard асосий жанговар танклари билан таъминлашга чақирди. 

«Биз Украина ўзини ҳимоя қилиши ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак, шунинг учун етказиб бериладиган моделга ўхшаши бор бошқа ҳамкор давлатларни бундай танклар билан таъминлашга қатъий чақирамиз», деди Бербок 17 февраль куни Германиянинг Bayerischer Rundfunk оммавий медиа компаниясига берган интервьюсида.

Германия ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, айрим давлатлар аллақачон Украинага Leopard танкларини етказиб беришни ваъда қилган. «Аммо бизга бунда иштирок этадиган бошқа давлатлар ҳам керак, бу ҳақиқатан ҳам инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин», деди Бербок.

Германия канцлери Олаф Шольц иккиланишлардан сўнг 25 январь куни ўз мамлакатининг Украинага Бундесвер захираларидан 14 та Leopard 2 А6 танкини юбориш ниятини расман тасдиқлади. Берлин, шунингдек, бошқа давлатларга танкларни Украина Қуролли кучларига реэкспорт қилишга рухсат берди.

Шольцнинг сўзларига кўра, вазифа Украина учун зудлик билан иккита танк батальонини йиғишдир, бу немис ҳарбий талқинига кўра, 90 га яқин жанговар техникани, Украинада эса - 60 тани ташкил этади. Кейинчалик Германия ҳукумати «батальон» танкларни етказиб берадиган мамлакат мезонларидан келиб чиқиб ҳисобланишига аниқлик киритди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид