Яшил энергия учун имкониятлар кенгаяди

Президентнинг 2023 йил 16 февралда қабул қилинган “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 1 мартдан бошлаб:

Ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмайди.

IT-парк резидентларига қўшимча имтиёз берилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 февралдаги қарорига мувофиқ, 1 мартдан бошлаб IT-парк дирекциясига унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдори, улар томонидан яратилган дастур, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар аудиториясининг қамрови 500 минг фойдаланувчидан ошганда 25 фоизга, 1 миллион фойдаланувчидан ошганда 50 фоизга пасайтирилади. 

Инсон ҳуқуқлари соҳасида ўқув курслари бошланади

Президентнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорига кўра, 1 мартдан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини доимий равишда ташкил этиш бошланади. Ўқув курслари 1 мартдан бошлаб миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда онлайн ва офлайн форматда ташкил этилади. 

Тадбиркорлар солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин 

Президентнинг 2023 йил 2 февралда қабул қилинган “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан: 

Тадбиркорлик субъектларининг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;