Ўзбекистон | 18:22 / 27.02.2023
36062
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда прокуратура терговчиси 9 минг доллар пора билан қўлга тушди

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар прокуратураси терговчиси 9 минг доллар пора олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

Манбага кўра, гумондор порани шаҳар прокуратураси биносини қўриқловчи Миллий гвардия ходими орқали олаётган вақтда ушланган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 26 февраль куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

«Тадбирда Оҳангарон шаҳар прокуратураси биносини қўриқлаш хизматини олиб борувчи қоровул прокуратура терговчисининг иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида терговга жалб қилинган фуқаро Э.дан жиноят ишини енгиллаштириб, ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 9.000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

27 февраль куни Оҳангарон шаҳар прокуратураси терговчисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш), қўриқлаш хизмати қоровулига нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик), 28-211-моддалари (Пора беришда - иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган», – дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Ҳозирда гумонланувчи шахслар процессуал тартибда ушланган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент тумани прокурори ёрдамчиси ҳам 1500 доллар олаётган вақтида қўлга тушган эди. Бош прокуратурага кўра, Пискент прокурор ёрдамчиси судда кўрилаётган жиноят иши бўйича судья орқали судланувчига енгил жазо тайинланишини ваъда қилган.

Мавзуга оид