Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни Боку шаҳрида Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг саммитида нутқ сўзлади.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ироқ президенти Абдуллатиф Жамол Рашид, Ливия президент кенгаши Раиси Муҳаммад Юнус Ал-Манфи, Босния ва Герцеговина президиуми раиси Желька Цвиянович, шунингдек, Куба вице-президенти Сальвадор Меса, Габон вице-президенти Роз Рапонда, Танзания вице-президенти Филип Мпанго ҳамда Жазоир бош вазири Айман бин Абдураҳмон иштирок этди.

Халқаро ташкилотлар томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 77-сессияси раиси Чаба Кёрёши, БМТ бош котибининг ўринбосари Татьяна Валовая, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Хусрав Нозирий, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бош котиби Қайрат Сарибай, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Ольга Алгаерова, Халқаро миграция ташкилоти бош директори Антонио Виторино, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гросси ва Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили қатнашди. 

Кун тартибига мувофиқ, COVID-19 коронавирус пандемияси оқибатларини енгиб ўтиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда пандемиядан кейинги глобал тикланиш даврида барқарор ривожланишнинг бошқа долзарб муаммолари муҳокама қилинди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг оқибатларини ҳам ўз бошидан ўтказаётгани билан боғлиқ таҳдид ва хатарларни қайд этди. 

«Бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдори экани таъкидланди. 

Бу каби фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини самарали бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон президенти Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этди.

Пандемиядан кейинги даврда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайиб, уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлаётгани барчани жиддий ташвишга солаётгани таъкидланди. Бундан ташқари, Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳануз топилгани йўқ.