2025 йил Осака шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган «Осака ЭКСПО-2025» Бутунжаҳон кўргазмаси ташкилий қўмитасининг халқаро алоқалар департаменти директори Ё.Миягава ҳамда Техник хизмат ва қурилиш департаменти директори М.Ато билан кечган суҳбат чоғида  ушбу кўргазмада Ўзбекистон миллий павильонини жойлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Сафар давомида Япониянинг Daido Industries INC. компанияси бош ижрочи директори Ш.Огири билан музокаралар ҳам ўтказилди. Ш.Огири ҳозирги кунда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) грант маблағларини жалб этган ҳолда Daido Industries INC. компанияси томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Республика ихтисослаштирилган гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт марказини модернизация қилиш» лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Ушбу лойиҳа учун  JICA томонидан қарийб 1 миллион доллар маблағ ажратилади. Лойиҳа қон қуйиш марказини замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлашни назарда тутади. Ушбу лойиҳани  молиялаштириш мақсадида JICA ва Daido Industries INC. компанияси ўртасида жорий март ойининг биринчи ярмида икки томонлама шартноманинг имзоланиши режалаштирилган.

Учрашув якунида апрель ойида ушбу компания ҳамда JICA вакилларининг Ўзбекистонга амалий ташрифини ташкил этиш ва  унинг давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарияти билан мазкур лойиҳани жорий йилнинг август-сентябрь ойларида амалга ошириш юзасидан  музокаралар ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.