Блинкен: “Толибон”га таъсир қилишда мусулмон давлатларининг овози алоҳида ўринга эга”
АҚШ афғон муаммосини ҳал қилишда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қадрлайди, деди Энтони Блинкен. У Kun.uz билан суҳбатда толибларга таъсир кўрсатишда Ўзбекистон ва бошқа мусулмон мамлакатларнинг ўрни муҳимлигини айтди. “Чунки уларнинг овози “Толибон” учун бизнинг овозимиздан кўра маънолироқ ва салмоқлироқ бўлиши мумкин”, деди у.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Kun.uz'га берган интервюсида Америка қўшинлари чиқиб кетганидан кейин Афғонистонда “Толибон” ҳокимияти ўрнатилгани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Блинкеннинг сўзларига кўра, Америка Афғонистонда “Толибон” томонидан тўнтариш қилинганидан бери улар билан дипломатик каналлар орқали алоқада бўлиб турибди.
“Ўша пайтда “Толибон” мамлакатни қандай бошқариши ва бошқа давлатлар билан муносабатларга киришиши борасида муайян ваъдаларни берганди.
Дунё мамлакатлари “Толибон”дан нима кутаётганини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгашида аниқ билдирган: инсон ҳуқуқлари, айниқса аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фақат “Толибон” эмас, ҳаммани ўз ичига олган инклюзив ҳукумат тузиш, инсонларнинг Афғонистонга эркин келиш ва кетиш ҳуқуқини таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш шулар жумласидан. Лекин афсуски, биз ўшандан бери “Толибон” тескари йўналишда ҳаракатланиб, ўз ваъдаларининг ҳеч бирини бажармаётганини кўряпмиз”, – деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари.
Энтони Блинкен Афғонистонга энг кўп инсонпарварлик ёрдами юборган давлат АҚШ эканини айтиб, толибларни бу ёрдамни етказишни қийинлаштираётганликда айблади.
“Биз озиқ-овқат, дори-дармон ва асосий воситалар афғонларга етиб бориши учун жиддий чоралар кўряпмиз. “Толибон” инсонпарварлик ёрдамини етказишда аёлларнинг иштирокини тақиқлаб қўйиб, ишимизни қийинлаштирди. Умуман, айтиб ўтилган йўналишларнинг ҳар бирида вазият яхшиланиб эмас, ёмонлашиб боряпти”, – деди у.
Америка дипломатияси етакчисига кўра, “Толибон”га таъсир кўрсатишда аҳолисининг аксарият қисмини мусулмон ташкил этувчи мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон алоҳида ўринга эга.
“Агар “Толибон” бошқа мамлакатлар, хусусан АҚШ билан нормал алоқаларни йўлга қўйишни истаса, нима қилиши кераклигини, дунё улардан нима кутаётганини билади. Ўйлайманки, Ўзбекистон ва бошқа мусулмон мамлакатлари бу масалада муҳим ўринга эга, чунки уларнинг овози “Толибон” учун бизнинг ёки бошқа мамлакатларнинг овозимиздан кўра маънолироқ ва салмоқлироқ бўлиши мумкин.
Шундай экан, биз Ўзбекистон каби мамлакатларнинг “Толибон” билан мулоқотга киришиб, бошқа мамлакатлар билан нормал алоқа ўрнатиш учун нима қилишлари кераклигини уларга тушунтираётганини қадрлаймиз ва олқишлаймиз”, – деди Энтони Блинкен.
Мавзуга оид
08:10
ТИВ раҳбари Афғонистоннинг Ўзбекистондаги янги элчисини қабул қилди
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
21:27 / 03.10.2024
“Толибон” Ваҳан коридорини очмоқчи. Бу қанчалик реал?
18:53 / 28.09.2024