Воқеалар ривожи

2 март куни Брянск области губернатори Александр Богомаз телеграм-каналида регион ҳудудига «Украинадан диверсия-разведка гуруҳлари кириб келгани» ҳақида хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, «диверсантлар» чегарадаги Климовский районининг Любчане қишлоғига бостириб кирган ва автомобилни ўққа тутган, натижада тинч аҳоли вакилларидан бир киши ҳалок бўлиб, 10 ёшли бола яраланган.

Россия пропаганда нашрлари эса мактаб автобуси ўққа тутилгани ҳақида хабар берганди, аммо регион расмийлари буни рад этиб, ҳудуддаги мактаблар масофадан таълим шаклига ўтганини маълум қилди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳодиса вақтида икки киши ҳалок бўлган.

Mash ва Baza манбаларига кўра, Брянск областига жами 40-50 нафар «диверсант» кириб келган. ТАСС гуруҳ ўнлаб қуролланган кишилардан иборат бўлганини хабар қилди. «112» телеграм-канали «диверсантлар» икки гуруҳга ажралгани ва бир-биридан 20 километр масофада жойлашган Любечане ва Сушани қишлоқларига йўл олганини хабар қилди.

ТАСС манбаси «диверсантлар» икки қишлоққа бостириб кирганини хабар қилган. Улардан бирида тўрт ёки олти киши гаровга олингани, Россия кучлари ва «диверсантлар» ўртасида жанг кечгани ҳақида айтилган. Регион раҳбарияти ҳуқуқ-тартибот органлари Сушани қишлоғида иш олиб бораётганини маълум қилган. Baza эса бу қишлоқда гўёки электр нимстанцияси ва газ станцияси портлатилгани ҳақида ёзди. ОАВ Сушанида одамлар гаровга олинганини хабар қилди, аммо регион раҳбарияти буни рад этди. РИА Новости эса Любечане қишлоғидаги дўконда бир неча киши гаровда экани ҳақида ёзди.

Брянск области губернаторининг сўнгги маълумотига кўра, Любечане қишлоғида «Украинадан келган диверсантлар рейди» оқибатида ҳалок бўлганлар сони икки нафарни ташкил этмоқда.

Путин сафарини қолдирди

Россия президенти Владимир Путин Брянск  областидаги воқеалар фонида Ставропол ўлкасига сафарини қолдирди, бу ерда у Ўқитувчи ва устозлар йили очилиш маросимида иштирок этиши кўзда тутилганди.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Путин маросимда «тушунарли сабабга кўра, видеоконференция режими»да қатнашишини айтди. РИА Новости нашри аниқлик киритишича, Путиннинг Ставропол ўлкасига сафари бекор қилиниши Брянск областидаги воқеалар билан боғлиқ.

У маросим очилишида видеоконференция режимида қилган чиқишида Брянск областидаги ҳодисани «навбатдаги террорчилик акти, навбатдаги жиноят» деб атади ва «тинч аҳоли вакиллари ўққа тутилгани»ни айтди.