UzAuto Motors декабрь ойи бошида бюджет моделлар – Damas, Labo, Cobalt ва Gentra учун шартнома тузишни тўхтатган эди. Икки ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, қисман Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ушбу моделлар сотуви қачон очилиши борасида ҳеч қандай маълумот йўқ. Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзавтосаноат” ахборот хизмати билан боғланди.

“Соbalt ва Gentra учун қачон шартнома бериш бошланиши бўйича аниқ маълумот йўқ. Контрактация очилмаётгани навбатларни камайтириш ишлари олиб борилаётгани билан боғлиқ”, дейилади компания вакилининг жавобида.

UzAuto Motors  2022 йил охиридан Nexia-3 ва Spark ишлаб чиқаришни тўхтатганди, жорий йил охиридан эса Gentra ҳам конвейердан олиб ташланиши режалаштирилган. Катта эҳтимол билан, яқин йиллар ичида Nexia-3 ва Spark ўрнига бошқа бюджет моделлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмайди.

Телеграмдаги Uzavtosavdo_bot маълумотларига таянилса, 4 март ҳолатига кўра, шартнома имзолаш имконияти мавжуд бўлган UzAuto Motors’нинг энг арзон моделлари: Onix - 207 млн 347 минг сўмдан, Tracker-2 эса 211 млн 454 минг сўмдан бошланади. Ўз навбатида Onix учун 4559та, Tracker-2 учун 31054та навбат ҳам бор.

2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи  3 млн 892 минг сўмни ташкил этган. Бу Ўзбекистонда ўртача даромад топадиган ходим амалда сотиб олиш учун мумкин бўлган Onix’ни харид қилиши учун ҳар қандай харажатлардан тийилиб, 53 ой ёки 4,5 йил ишлаши кераклигини англатади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, 2022 йилда бюджет ва нобюджет ташкилотларда ишловчиларнинг 28 фоизи ёки 1 404 377 нафар ходим 1 млн сўмгача маош олган. 1 млн сўмдан 2 млн сўмгача ойлик олувчилар сони 1,2 млн нафарни (24,6 фоиз) ташкил қилган. Шунингдек, 25,2 фоиз ходим 2 млн сўмдан 4 млн сўмгача ойлик даромад топган. Республика миқёсида бюджет ва нобюджет ташкилотларда ишловчи ходимларнинг 77,8 фоизи ойига 4 млн сўмдан камроқ даромад топади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров компаниянинг 3 йил аввалги ваъдаларини яна бир бор эслатиб, ўзбекистонлик истеъмолчилар кичик бюджет автомобиллари сотиб олиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлишганига эътибор қаратди.