Жаҳон | 14:32 / 05.03.2023
14093
3 дақиқада ўқилади

Урушни ўрганиш институти: Россия Бахмутда олдинга силжиди, лекин шаҳарни ўраб олгани йўқ

Россия қўшинлари Украинанинг Бахмут шаҳрини эгаллаб олиш йўлида бироз олдинга силжиган ва шаҳардаги қатор ҳудудларни эгаллаб олиш имконига эга бўлган. Бу ҳақда Америка Урушни ўрганиш институтининг ҳар кунлик ҳисоботида айтилган.

Фото: AFP

Аммо институт экспертлари хулосасига кўра, Россия армияси украиналик ҳарбийларни чекинишга мажбур қилолмаган, яқин орада руслар шаҳарни ўраб олишини ҳам кутиш ўринсиз.

Украина томони Бахмут шарқидаги ўта мураккаб ҳудудлардан кучларни назоратли олиб чиқиш учун қулай шароит яратишга интилмоқда, аммо украиналикларга Бахмутдан чекиниш топшириғи берилгани ҳақида маълумот йўқ. Институт таҳлилларига кўра 4 март куни Россия кучлари олдинга силжиган, вагнерчилар охирги бир неча кунда муваффақиятли айланиб ўтиш тактикаси сабаб Бахмут шимоли-шарқида ҳам олдинлаган.

Украина ҳукумати Бахмутдаги вазият ҳамон назоратда эканини таъкидлаш билан бирга, шаҳардаги ҳолат тобора қийинлашиб бораётганини тан олмоқда. Чунки «Вагнер» охирги вақтларда Бахмут босқинига энг яхши тайёрланган жангчиларини юбормоқда.

Россия Бахмут йўналишида охирги вақтларда муваффақиятга эриша олмаётганди. Охирги кунлардаги силжишга қарамай, руслар шаҳарни ўраб олиши ёки шаҳарни куч билан эгаллаб олиши ҳақида гапириш асоссиз.

Институт таҳлилларига кўра, руслар Украина армиясининг алоқа чизиқларига яқин келишга муваффақ бўлган ва шаҳарга янги куч ташланишига халақит бериш имконини қўлга киритган. Русларнинг бу тактикаси орқали рақибни тайёрланган мудофаа чизиқларидан чекинишга мажбур қилиш мумкин.

Россиянинг асосий мақсади Бахмутни ўраб олиш ва бу орқали кўпроқ украинларни асир олиш ёки ўлдириш. Бироқ Украина армияси қуршовда қолгандан чекинишни афзал кўришини жангдаги манёврлар орқали сездирган. Институт экспертлари Украина армиясининг чекиниш имконини қуршовда қолишдан кўра анча юқори деб билишмоқда. Шунингдек, улар Украина хоҳласа ва қаттиқ ҳаракат қилса, Бахмутни сақлаб қолиши мумкинлигини чамалаган.

Экспертлар ҳисоб-китобига кўра, Россия Бахмут йўналишида жуда катта йўқотишларга учрамоқда. Таҳлилчилар Украинада Бахмутдаги русларнинг кўпроқ кучларини йўқотиш истаги мавжуд эканига ишора қилган. Уларнинг фикрича, Украина кўпроқ душманни ўлдириш истаги ва чекинишга олиб келадиган таваккал ўртасидаги балансни топиши керак.

Мавзуга оид