Бахмут мудофааси давом этмоқда, Часив Яр ўққа тутилмоқда. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 375-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Запорижжяда 2 март куни россияликлар ракетасидан вайрон бўлган беш қаватли уй харобалари остидан саккиз ойлик қиз жасади олиб чиқилди. Ушбу зарба оқибатида ҳалок бўлганлар сони 13 нафарга етди.
- Россия ИИВ «Россия кўнгиллилар корпуси» (бу тузилма Брянск областидаги «диверсия» учун жавобгарликни зиммасига олган) аъзоси Илья Богдановга қидирув эълон қилди. У — ФХХ чегара қўшинлари собиқ зобити ҳисобланади.
- «Сирена» телеграм-каналига кўра, ҳозирда Херсон областидаги таянч пунктида турган 20 нафар россиялик ҳарбий виждон амри билан ишдан бўшаш тўғрисида рапорт ёзишган. Бунга жавобан қўмондонлик улар «ташқарига чиқмасдан ўша ерда қолиши»ни маълум қилган.
- Оренбург областидан сафарбар қилинганлар Владимир Путинга мурожаат йўллашди. Улар «ЛХР» бўлинмалари командирлари уларни «сарфланувчи материал» деб ҳисоблашини айтишган. Бу ҳарбийларнинг қариндошлари ҳам Путинга мурожаат қилишган. Уларнинг сўзларига кўра, сафарбар қилинганлар ҳеч қандай тайёргарликсиз рақиб позицияларини штурм қилишга жўнатилмоқда. Бу шикоятлардан кейин Оренбург области губернатори Денис Паслер ҳарбий прокуратурага мурожаат қилган.
- НАТОнинг Европадаги бирлашган кучлари қўмондони генерал Кристофер Каволи уруш давомида РФ армиясининг 200 мингдан ортиқ аскари ва 1800 дан ортиқ зобити ҳалок бўлгани ёки яралангани ҳақида айтди. Буюк Британия мудофаа вазирлиги, Америкадаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ҳамда The New York Times нашри ҳам шу каби маълумотларни келтирган.
Часив Ярда ертўладаги одамлар
Часив Яр — Донецк областидаги шаҳар бўлиб, Украина қуролли кучлари ушбу ҳудуд орқали Бахмутдаги кучларига таъминот етказиб беради.
Россиялик ҳарбий экспертлар украин ҳарбийлари Бахмутдан Часив Ярга чекинишни бошлаганини хабар қилган, аммо Украина қуролли кучлари бош штаби буни тасдиқламаган — 5 март куни кечқурун берилган сводкада фақат РФ армияси юриш қилишдан ва Бахмут шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли яшаш манзиллари, шу жумладан Часив Ярни ўққа тутишдан тўхтамаётгани айтилган. Бу шаҳарда ҳам тинч аҳоли вакиллари қолишда давом этмоқда — улар россияликларнинг авиазарбаларидан ертўлаларда жон сақламоқда.
Бахмутда олдинги чизиқдаги украиналик жангчилар
Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертларига кўра, украин қўшини Бахмутдан чекинишни бошлаган, «Вагнер» ХҲК кучлари эса шаҳарнинг шимолий-шарқий чеккаси томон илгарилашда давом этмоқда. Таҳлилчилар фикрича, Бахмут мудофааси ҳамон стратегик асосга эга, чунки Украина қуролли кучлари ўзи катта йўқотишларга учрамаган ҳолда «Россия жонли куч ва техникаларини қириш»да давом этмоқда. Украина томони ҳам, Россия томони ҳам бу йўналишдаги йўқотишлари бўйича маълумот бермайди.
Торецк яқинидаги украин жангчилари
Киев атрофида ҳалок бўлганлар хотирасига қўйилган гуллар