Жаҳон | 16:49 / 06.03.2023
15590
13 дақиқада ўқилади

«Таҳқирлашди ва хўрлашди». Путинга шикоят ёзиш сафарбар қилинганларга ҳеч қандай ёрдам берилмаяпти

Россиялик сафарбар қилинганлар ва уларнинг қариндошларининг Владимир Путин, губернаторлар ва мудофаа вазирлигига шикоятларини ОАВда мунтазам равишда эълон қилиш бир неча ойдан бери давом этмоқда. 1 март куни маълум бўлдики, Иркутск областидан сафарбар қилинганлар Путинга ҳеч қандай тайёргарликсиз ва қўшимча ҳимоя кучларисиз фронт чизиғига ташланаётгани ҳақида бир неча бор шикоят қилишларига қарамай, барибир олдинги чизиққа юборилган ва уларнинг аксарияти ҳалок бўлган. BBC нашри россиялик сафарбар қилинганлар яна нималардан норозилигини ва улар учун бу қандай тугашини ўрганди.

Феврал ойи бошида 1439-полкнинг сафарбар қилинган аскарлари президент Владимир Путин, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Иркутск области губернатори Игор Кобзевга мурожаатнома йўллаган. Видеомурожаатда аскарлар раҳбарларга шикоят қилган. Ҳарбийларнинг айтишича, уларни ҳудудий мудофаа билан шуғулланиш учун тайёрлашган, аммо кейинроқ улардан ҳеч қандай ўқув-машғулотларисиз ҳужумчилар отряди тузилган.

Сафарбар қилинган аскарлар феврал ойи охирида Путинга яна видеомурожаат йўллаган. Унда аскарлар улар «ДХР»нинг биринчи славян бригадаси таркибига ўтказилгани», у ерда эса «бир кун ичида ҳужумкор бўлинмага айлантирилгани ва ҳеч қандай ёрдамсиз Авдийивка истеҳкомига ҳужум қилишга юборилгани ҳақида хабар берган.

Иркутскдан сафарбар қилинганларнинг учинчи видеомурожаатини «Байкал одамлари» маҳаллий нашрига уларнинг хотинлари топширган.

Иккинчи видеодан сўнг Иркутск области губернатори Игор Кобзев ҳарбий прокуратурага ариза билан мурожаат қилганини маълум қилди ва сафарбар қилинганларни «янги хизмат жойи»га кўчиришга ваъда берди.

1 март куни 1439-полкнинг 1 ва 2-батальонидаги Иркутскдан сафарбар қилинганлар Авдийивка ҳудудига ҳужум қилиш учун юборилди. Бу ҳақда сафарбар қилинганларнинг ўзлари ва уларнинг қариндошларига таяниб «Байкал одамлари» нашри хабар берди.

Фото: LYUDI BAIKALA

Бутун полк амалда йўқ қилинган – бир неча киши яраланган, қолганлари ҳалок бўлган, аммо бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Бу сафарбар қилинганлар полки умуман бошқа йўналишга ўзгартирилган ва рус ҳарбийлари «ДХР» қўмондонлиги назоратига ўтган ягона ҳолат эмас. BBC нашри 2023 йилда ёзилган бошқа шикоятлардан кейин воқеалар ривожи қандай кечганини ўрганиб чиқди.

Давлатнинг инсонлар юзига тупуриши

25 феврал куни Орлов кўнгиллилар батальони аскарларининг қариндошлари Владимир Путин, Сергей Шойгу, Михаил Мишустин, Валентина Матвиенко ва Вячеслав Володинга видеомурожаат йўллади. Унда улар бу армияни обрўсизлантириш ёки норозилик билдириш ҳаракати эмас, балки «қалб фарёди» эканини таъкидлашган.

«Қисман сафарбарлик эълон қилинишидан анча олдин, бизнинг йигитлар юрак чақириғи сабаб нацизмга қарши курашда ўз ватанларига ёрдам беришга қарор қилди», дейилади рус генерали Алексей Ермоловга қўйилган тўққиз метрлик ҳайкал остида қилинган мурожаат матнида. Матнни бир аёл ўқиб берган.

«Кўнгиллиларни инсофсизларча алдашган», дея ўқишни давом этади аёл. У уруш тугагунга қадар ҳарбийларни қўйиб юборишни истамайдиган ноинсоф қўмондонлар борлиги ва кўнгиллилар орасида 50 ёшдан ошган одамлар мавжудлигини таъкидлайди. Орловликлар алоҳида адолатсизлик сифатида кўнгиллиларнинг сафарбар қилинганлардан икки баравар кам маош олишини айтиб ўтади.

Аёлнинг таъкидлашича, эри уруш давомида ваъда қилинган 195 минг рублни ҳеч қачон олмаган. Январ ойи бошидан бери унинг эри Креминна йўналишидаги катта ҳужумкор гуруҳида бўлган, аммо январ ойи учун 77 866 рубл олган. «Бу давлатнинг инсонлар юзига тупуриши» деган аёл.

«Қариндошларининг сўзларига кўра, 14 нафар жангчи 57-мотоўқчи пиёдалар бўлинмасига ўтказилган. Аскарлар бўлинма командири ўз ваколатлари доирасидан ташқарига чиқаётгани учун ҳарбий прокуратурага ариза ёзмоқчи бўлган. Бироқ 3 январ куни уларни ҳеч қандай тайёргарликсиз ҳужумга ташлашган», дея ўқиб берган аёл. У буни «Улуғ Ватан уруши давридаги жазо батальонлари»га қиёслаган.

«Жангчиларимизнинг жисмоний ҳолати жуда ёмон. Одамлар хизматни ташлаб кетиш арафасида», дея таъкидлайди норозилик гуруҳи спикери ва бирдан «аллақачон қотиллик ҳам содир бўлгани» ҳақида қисқача хабар беради.

Орловликлар видеомурожаатни Путинга юзланиб якунлаган. Улар президентдан кўнгиллиларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ёрдам беришни сўраган.

Орел области губернатори маслаҳатчиси Сергей Лежнев 2 март куни ижтимоий тармоқларида пост эълон қилди. Унда у «бугунги кунда Креминна атрофидаги ўрмонларда жанг қилаётган ҳарбий хизматчилар» мурожаатига тўхталган ва фронтга юбориладиган инсонпарварлик ёрдам пакети ҳақида гапирган.

«Йигитлар том маънода ерда, окоп ва бошпаналарда яшаяпти. Биз учли белкурак, болта, қўл арра, занжирли арра, генератор, газ баллонлар ҳамда иссиқ қоплама, овқат пишириш учун бир нечта буржуйка ва оддий печка сотиб олишимиз керак. Озиқ-овқат маҳсулотларини йиғамиз (тез тайёр бўладиган таомлар, печенье, вафли, ширинликлар, чой, қаҳва, сув ва бошқалар)», дея одамларни бу акцияда иштирок этишга чақирган Лежнев.

Шундай қилиб ушбу кўнгиллилар ёки бошқа ҳарбийлар Лежневнинг кейинги хабарларида ҳам, шунингдек, Орлов аҳолиси томонидан эълон қилинган бошқа муаммолар баёнотларида тилга олинмади.

Читада сафарбар қилинганларнинг машғулотлари, 2022 йил ноябр
Фото: YEVGENY YEPANCHINTSEV/TASS

Танкистликдан пиёда жангчиликка

18 феврал куни 504-танк полкининг Омск областидан сафарбар қилинган аскарлари Владимир Путин ва Омск области губернатори Александр Бурковга видеомурожаат йўллади. Артиллериячиларнинг сўзларига кўра, полк тарқатиб юборилган, артиллерия энди йўқ ва уларнинг 107 кишидан иборат гуруҳи «ДХР» «халқ армияси» таркибига ўтказилган.

«Улар бизни полигонга олиб бориб, пиёда аскар сифатида қайта тайёрлашни бошлади. Полигонга бир неча марта борганимиздан кейин биздан бензин учун пул талаб қила бошлашди. Агар бензин учун пул бермасак, бу бизга тайёргарлик керак эмаслиги, олдинги чизиқдаги жангларга қатнашишга тайёр эканимизни англатаркан», деган ҳарбийлардан бири камерага. У ўз гуруҳини рус зобитлари қўмондонлиги остидаги Россия армияси таркибига ўтказишни сўраган.

Ўша куни Омск области губернатори Бурков ўз телеграм-каналида вазиятни ўрганаётганини маълум қилди. 1 март куни Россия давлат нашрлари губернатор танкчиларни пиёдалар қўшинидан артиллерия қўшинларига қайтаргани ва сафарбар қилинган ҳамда уларнинг қариндошлари ўртасида онлайн конференция ташкил қилгани ҳақида хабар берди.

«Батя»

6 феврал куни Тува республикасидан сафарбар қилинганлар ҳудуд раҳбари Владислав Ховалиг ва республиканинг собиқ раҳбари, ҳозирда Давлат думаси вице-спикери бўлган Шолбан Кара-оолга «ДХР» ҳарбийлари ва ҳарбий полициянинг дўқ-пўписалари ва калтаклари юзасидан шикоят қилган.

«2023 йилнинг 4 февралида ДХР ҳарбийлари келди. Улар бизни автоматдан ўққа тутиб, «отжимания» олишга мажбур қилди. Бу ердан тирик чиқмаслигимизни айтишди. Биз уларга, ДХРга тегишли эканимизни таъкидлашди... Ҳарбий полиция етиб келди ва бизни калтаклади», дейилади тувалик ҳарбийлар видеомурожаатида.

Видео охирида ҳарбийлар нимадир сўрай бошлаганда тасвир узилиб қолади. Умумий камера ўрнига яширин камера тасвирлари чиқа бошлайди. Унда ҳарбий формадаги одам бошқа бир қуролсиз ҳарбийни таҳқирлаши ва калтаклаши акс этган.

«Тайга.Инфо» нашри видеоёзувни қабул қилади ва нашр қилади. Уларнинг тахминларига кўра, сафарбар қилинганлар «ДХР» милицияси томонидан калтаклаган. «Российская газета» нашри эса аудиoёзувдаги «Батя» деб айтилган инсон подполковник Вячеслав Губин эканини ёзган.

«Тайга.Инфо» маълумотларига кўра, аудиоёзувда «Российская газета» таъкидлаган «Батин»га жуда ўхшаш овозли инсон шундай дейди: «Ўртоқ генерал мен бу ерга келаётган пайтимда менинг характеримни билиб, мендан йиғлаб сўради: Бат, илтимос, уларни ўлдирма. Уларнинг барчаси Шойгунинг қариндошлари. Ҳозир сен уларни тинчитасан, кейин уларнинг ота-оналари Шойгу амакига арз қилади».

Мурожаатдан икки кун ўтиб, республика раҳбари Владислав Ховалиг ўз телеграм-каналида «Мудофаа вазирлиги сафарбар қилинган аскарларимизни ДХР қўшинларидан 55-бригадага ўтказиш ҳақидаги сўровимизга ижобий жавоб берди» деб ёзди. Сафарбар қилинганлар ҳақиқатан ҳам кўчирилганми ёки йўқми номаълум, аммо 22 феврал куни ҳарбий прокуратура текшируви пайтида «ДХР»даги тувалик ҳарбийлар соғлигига зарар етказилгани тўғрисида ҳеч қандай далил топилмагани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

«Таҳқирлашди ва хўрлашди»

Тарқатиб юборилган 346-полкнинг Орлов, Липецк ва Владимир областларидан сафарбар қилинган аскарлари қариндошлари январ ойи охирида Владимир Путин, Сергей Шойгу, бош прокурор Игор Краснов, Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, ҳудудлар губернаторларига ва бошқа «ваколатли органлар»га видеомурожаат йўллаган.

25 кишидан иборат гуруҳга эллик ёшлардан ошган аёл нотиқлик қилган.

«Бизнинг болаларимиз ва эрларимиз дезертир, қўрқоқ ёки сотқин эмас, лекин ҳозир қандай ҳаракат қилиш тўғри бўлишини билишмайди. Улар атиги икки марта отиш машқини бажарган, кимдир эса умуман отиб кўрмаган. Фақатгина телевидение келганда қўлига қурол ушлаган. Аммо командирлар уларни «тўп еми» каби олдинги чизиққа ташлаган. Биз аскарларни орқа чизиққа қайтариш, уларни қайта тайёрлаш ва тиббий кўрикдан ўтказишингизни сўраймиз. Шунингдек, уларга таътил олиш имкони беришингизни ҳам сўраб қоламиз», деган аёл.

Видеомурожаатда қариндошлари сафарбар этилганларнинг бошига тушган мусибатларни санаб ўтган — ҳарбийлар ўрмонга олиб келинган ва тунни очиқ осмон остида ўтказиш учун шу ерда қолдирилган, уларга овқат берилмаган. Ўзини таништирмаган командирлар уларни «таҳқирлаган ва камситган», «жиноят иши очиш билан қўрқитиб, шартнома имзолашга мажбурлаган», шунингдек, улар аскарлар Украина қуролли кучлари томонидан назорат қилинувчи ҳудудга ҳужум қилиш учун жўнатилишини эълон қилган.

Губернаторлар бу видеомурожаатга турлича муносабат билдирди. Владимир области раҳбари Александр Авдеев сафарбар этилганларнинг оила аъзолари билан «очиқ суҳбат» ўтказди. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига мунтазам равишда фронтдан ижобий хабарлар жойлаштириб борувчи Орлов области губернатори Андрей Кличков сафарбар қилинганларнинг муаммолари ҳақида ҳеч нарса ёзмади. Лекин ўзининг «ВКонтакте» саҳифасидаги жонли эфирда у ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бу масала билан шуғулланаётгани ҳақида қисқача тўхталди.

Липецк области расмийлари ўз делегатларининг Украина томонидан «босиб олинган» ҳудудларга сафари ҳақида хабар берди. Улар гўёки у ерда ҳарбий прокуратура билан биргаликда сафарбар қилинганлар билан учрашган. Делегация озиқ-овқат билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо топмаган. «Қўмондонлик жангчиларга таътил бериш тартибини, шунингдек, янги жойда хизмат қилиш қоидалари ва хусусиятларини тушунтирди», дея хабар берди Липецк области ҳукумати матбуот хизмати. Хабарларда сафарбар қилинганларнинг яқинлари томонидан айтилган ҳақорат ва таҳдидлар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Бит ва каналар

394 ва 143-полкларнинг Уссурийск шаҳридан сафарбар қилинган аскарларининг рафиқалари ва оналари 31 январ куни Путинга мурожаат қилди. Аёллар фронт чизиғидаги ёмон шароитлардан шикоят қилган, уларнинг сўзларига кўра, ҳарбийларда бит ва қўтир қўзғатувчи каналар пайдо бўлган. Уларнинг кийим-бошлари эса яроқсиз ҳолга келган. Қариндошларнинг айтишича, «уларни ҳеч ким эшитмайди» ва Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяконинг телеграм-каналида эса уларнинг хабарлари блокланган.

Губернаторнинг айтишича, ҳеч қандай блоклаш бўлмаган, ҳарбий прокуратура бу масала билан «аллақачон шуғулланяпти».

Айни вақтда BBC нашри сафарбар қилинганлар паразитлардан қутулгани ҳақида маълумотга эга эмас.

Мавзуга оид