Жаҳон | 11:52 / 06.03.2023
10984
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШда консерватив сайловчилар ўртасидаги сўровда ғалаба қозонди

Доналд Трамп АҚШ консерваторлар конференциясида сайловчилар ўртасида ўтказилган сўров якунлари бўйича 62 фоиз овоз олди. Бир қатор экспертларнинг фикрига кўра, натижаларни олдиндан тахмин қилиш мумкин эди.

Фото: Reuters

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп 4 март, шанба куни Орландода (Флорида штати) бўлиб ўтган АҚШ консерваторлар конференциясида (CPAC) сайловчилар ўртасида ўтказилган сўров якунлари бўйича 62 фоиз овоз билан 2024 йилда Оқ уй раҳбари учун республикачилардан даъвогарлар орасида рамзий 1-ўринни эгаллади.

Флорида губернатори Рон Десантиса 20 фоизга эга бўлди. Шу ҳафтада АҚШ президентлигига номзод бўлиш ниятини эълон қилган бизнесмен Перри Жонсон беш фоиз олди.

Бир қатор экспертлар таъкидлаганидек, натижалар ажабланарли эмас. Трамп конференция иштирокчиларининг президентликка номзод бўйича фикрини тавсифловчи олдинги бешта CPAC сўровининг барчасида етакчилик қилди. Тадқиқот илмий методологияга таянмайди, дея аниқлик киритди AP агентлиги. Сўров репрезентатив характерга эга эмас.

Бундан ташқари, The Hill нашрига кўра, сўнгги йилларда CPAC Трамп учун қулай платформага айлана олди. Бу сафар Десантис, АҚШ собиқ вице-президенти Майкл Пенс ва Жанубий Каролина штатидан республикачи сенатор Тим Скотт тадбирда умуман иштирок этишмади.

Конференцияда нутқ сўзлаган Трамп ўзини Оқ уйда бошланган ишни давом эттириши мумкин бўлган ягона республикачи номзод сифатида кўрсатди. «Биз бошлаган ишимизни охирига етказамиз», деди у. «Миссияни якунлаймиз. Бу жангни якуний ғалабага олиб чиқмоқчимиз», - дея қўшимча қилди Америка собиқ раҳбари. Бироқ, у потенциал рақибларни тўғридан тўғри танқид қилишдан тийилди.

АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Никки Хейли 2024 йилги АҚШ президентлик сайловларида иштирок этиш ниятини илгари сурган эди. АҚШ президентлигига яна бир республикачи даъвогар Вивек Рамасвами ҳам аввалроқ ўз позицияларини тақдим этган. Бундан ташқари, у Twitter'даги постларидан бирида АҚШ Хитой билан можарога тайёргарлик кўришга эътибор қаратиш учун Украинага ёрдам ҳажмини камайтириши кераклигини айтди.

Мавзуга оид