Байрамга бюджетдан “пул сочиш” бўйича Андижон шаҳри ҳокими “етакчилик” қилмоқда. Республикадаги аксарият туман ва шаҳар ҳокимлари бу мақсад учун ўртача 40-50 млн сўм ажратган.
Андижон шаҳри – 250 млн сўм
Андижон шаҳар ҳокимининг 2023 йил 2 мартдаги қарори билан захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан Халқаро хотин-қизлар куни байрамини нишонлаш учун 250 млн сўм ажратилган. Ҳокимнинг айни шу қарори билан шаҳардаги 55-умумий ўрта таълим мактабининг спорт зали учун керакли жиҳозларни сотиб олишга эса 129 млн сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Учтепа тумани – 193 млн сўм
Пойтахт туманлари ҳокимлари ҳам Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлашда “сахийлик” қилмоқда: Учтепа тумани ҳокими фармойиши билан захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қарийб 200 млн сўм ажратган. Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу маблағга байрам тадбири ўтказилади ҳамда совғалар харид қилинади.
Дўстлик тумани – 125 млн сўм
Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани ҳокимлиги ҳам бу борада “юз миллиончилар” қаторида: туман ҳокими қарори билан байрамни нишонлаш, байрам дастурхони тайёрлаш ва эсдалик совғалари олиш учун 125 млн сўм ажратилган.
Тойлоқ тумани – 112 млн сўм
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани ҳокимлиги ҳам хотин-қизлар байрамига 100 млн сўмдан ортиқ пул сарфламоқчи бўлган ҳокимликлардан бири ҳисобланади. Туман ҳокимининг 2023 йил 3 мартдаги қарори билан байрамни ўтказишга 112 млн сўм ажратилган.
Булоқбоши тумани – 30 млн сўм
Андижон вилояти Булоқбоши тумани ҳокими ҳамкасби – Андижон шаҳри ҳокимидан фарқи равишда байрамда эсдалик совғалари сотиб олиш харажатларига 30 млн сўм ажратган.

















