Жаҳон | 10:05 / 07.03.2023
4382
3 дақиқада ўқилади

Германия ва Украина ҳакерларга қарши биргаликда операция ўтказди

Германия ва Украина полиция хизматлари Европол, ФҚБ ва Нидерландия кўмагида бир неча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган халқаро ҳакерлар гуруҳи бўйича тинтувлар ўтказди. Ишда гумонланувчилар орасида россияликлар ҳам бор.

Фото: newsunrolled

Германия ва Украина полиция хизматлари DoppelPaymer тўлов дастуридан фойдаланган ҳолда кенг кўламли киберҳужумларни амалга ошириш учун масъул бўлган Double-Spider гуруҳи ҳакерларига қарши биргаликда операция ўтказди. 28 февраль куни Шимолий Рейн-Вестфалия жиноий идораси ва Украина миллий полицияси Европол, Нидерландия полицияси ва АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) кўмагида икки мамлакатда йирик миқёсда операцияни амалга оширди, дея хабар берди 6 март, душанба куни Дюсселдорфдаги Германия идораси ва Европол.

Шимолий Рейн-Вестфалия жиноий идораси вакилларининг матбуот анжуманида таъкидлашича, ўша куни Германия ва Украинада тинтувлар ўтказилган, далиллар олиниб, гумондорлар сўроқ қилинган. Шу муносабат билан уч кишини ҳибсга олиш учун ордерлар мавжуд, бироқ улар Европа адлия органларидан узоқда экани боис ҳали ҳибсга олинмаган. Қайд этилишича, фуқаролиги номаълум бўлган 41 ёшли россиялик ва 32 ёшли эркак бир неча жиноят содир этган. Қўшма Штатлар россияликни ҳибсга олишга ёрдам берганларга 5 миллион доллар мукофот эълон қилди, деб хабар берди Шимолий Рейн-Вестфалия жиноий идораси. Бундан ташқари, Double-Spider жиноий тармоғида администратор бўлиб ишлаган Россия фуқаросини ҳибсга олиш учун ордер берилган.

Ўз навбатида, Европол икки нафар россиялик - 31 ёшли Игор Гаршин ва 41 ёшли Игор Турашев Германия илтимосига кўра Европада алоҳида қидирувга берилган шахслар рўйхатига киритилганини маълум қилди. Агентлик маълумотларига кўра, иккаласи ҳам Йошкар-Олада яшаши мумкин. Гаршиннинг Европол веб-сайтидаги картасида қайд этилганидек, у немис компанияларига киберҳужумларда фаол иштирок этган, кузатув, тизимларга кириш ва жабр кўрган фирмаларнинг маълумотларини шифрлаш билан шуғулланган. Ўз навбатида, Турашев ҳужумларни амалга оширган тармоқ администратори бўлган ва немис компанияларига киберҳужумларда асосий гумондор ҳисобланади, дейилади Европол сайтида.

Тергов жами 11 нафар гумонланувчини аниқлашга муваффақ бўлди, улар Украина, Германия, Россия ва Молдовада истиқомат қилади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид