Азиз Абдуҳакимов, Табиат ресурслари вазири

Азиз онахонлар ва опа-сингиллар, барчангизни кўкламнинг энг нафис айёми 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан самимий табриклайман. 

Ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик, олийжаноблик сари чорлайдиган, садоқат соҳибаси бўлмиш сиз мунис аёлларнинг меҳр-муҳаббатингиз ва заҳматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Бугунги муборак айём кунларида Сизларга оилавий бахт-саодат, мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, фарзандлар камолини кўриб юришингизни тилайман.

Доимо баҳорий кайфият ва гўзаллик ҳамроҳингиз бўлсин.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

Абдулла Абдуқодиров, президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари

Халқимизда “жаннат оналар оёғи остида” – деган нақл бор. Истардимки, ҳар бир инсон атрофидаги аёлга – онаси, синглиси, опа ва қизи каби қарасин ва эъзозласин.

Аминманки, жамиятда эзгуликка, тенгликка интилиш ана шундай тушунча ва ҳаракатдан бошланади.

Аёлларимиз баҳор қуёшидек азиз ва қадрда бўлишсин.

Фото: KUN.UZ

Озодбек Назарбеков, Маданият ва туризм вазири

Юртимизда баҳорнинг энг нафис, энг гўзал байрами шукуҳи ҳукмрон. Шу муносабат билан биз ҳам соҳада меҳнат қилаётган хотин-қизларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, қалбимиздаги эзгу тилак ҳамда ниятларимизни билдирдик.

Зотан, дунёдаги жамики яхлитлик ва тўкислик оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз биландир. Оналарнинг сокингина тебратган бешигида не-не даҳолар улғаймади дейсиз. Уларнинг алласи билан инсон оламни танийди. Қалбига эзгулик инади. Аёл борки, хонадонларимиз чароғон, файзли ва мазмунли.

Яхшиямки дунёда аёллар бор. Ҳаёт улар билан гўзал, улар билан мазмунли. Тасаввур қилинг, агар бир кун волидангиз, аёлингиз уйда бўлмаса, қай аҳволга тушасиз? Гўё хонадонингизнинг файзи қочгандек туюлади. Шундай эмасми? Бинобарин, табаррук зотнинг кўзида доим қувонч, юзида табассум бўлиши учун биз, эркаклар улардан ширин сўзимизни, меҳримизни аямаслигимиз, умр бўйи асраб-авайлашимиз керак.