Kun.uz президент қарорида ёзилган бу ўзгаришлар нимани англатади, одамларга нима фойда беради каби саволларга Марказий банк департаменти директори Улуғбек Маҳмудовдан жавоб олди.
“Айрим турдаги тўловлар учун аҳолидан комиссия олиш бекор қилиняпти”
— 2023 йил 9 мартда қабул қилинган (88-сонли) президент қарорига мувофиқ, 1 майдан бошлаб бенифициари бюджет ва корпоратив буюртмачи ҳисобланган тўловлар бўйича тўлов хизматларини кўрсатганлик учун воситачилик ҳақи ёки йиғимлар (тўлов шаклидан қатъи азар) аҳолидан ундирилмайди. Энди воситачилик ҳақи маблағларни олувчидан чегириб қолиш йўли билан олинади. Бу барча турдаги давлат божлари, маъмурий жарималар, ёки коммунал тўловларга татбиқ этилади.
Бу нима дегани? Ҳозирги кунда аҳоли банк кассаларига бориб электр энергияси ёки умуман коммунал тўловларга тўлов қилганда, улардан воситачилик ҳақи қўшимча олинаётганди. Масалан, 100 минг сўм электр энергиясига пул тўланганда банк кассалари ёки тўлов ташкилотларининг воситачилик ҳақи аҳолидан ундирилаётганди. Энди аҳоли 100 минг сўм бюджет ташкилотларига тўлов қилганда, ўша 100 минг сўм тўлов амалга оширилади, лекин маблағларни олувчига 1 фоизгача бўлган сумма чегирган ҳолда тўлов амалга оширилади. Аҳоли томонидан тўловлар амалга оширилганда ҳеч қандай воситачилик ҳақи ундирилмайди. Маблағлар олувчидан чегириб қолинади. Жисмоний шахсларга бу қулайлик яратади. Маблағлар олувчи ва банклар ўртасида “аксиверка”, ҳисоб-китобларни тўламаслик ҳолатлари барҳам топади.
“Супермаркет кассаларидан нақд пул олиш мумкин бўляпти”
— 1 майдан ҳуқуқий эксперимент тариқасида виртуал касса тармоғи мавжуд бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида чекланган лимит доирасида нақд пул олиш мумкин бўлади (дастлабки босқичда ушбу амалиётни “Korzinka” савдо тармоғида республика бўйича 100 та супермаркет пилот лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган).
Ҳозирда республикамизда 12 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган. Энди “Korzinka” савдо тармоғига кириб, савдо қилганингизда чекланган лимит доирасида нақд пул олиш имконияти яратиб берилади. [Супермаркетдан] савдо қилгандан кейин 200-500 минг сўмгача нақд пулга эҳтиёж туғилса, савдо нуқталаридан нақд пул олиш мумкин бўлади. Пилот лойиҳа доирасидаги савдо комплекси ўрганилиб, Марказий банк томонидан лимит белгиланади. Кейинчалик виртуал кассаси мавжуд бошқа “Makro”, “Havas” каби савдо нуқталарига ҳам татбиқ этилиши мумкин.






