9 март куни кечқурун Украина осмонида учган саккиз турдаги ракетадан учтасини Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уриб тушира олмайди. Гап Х-47 «Кинжал», Х-22 ва ердаги нишонларга ҳужум қилиш учун модификацияланган C-300 ракеталари ҳақида бормоқда.

Руслар бу сафар ҳам, худди куз ва қишда бўлгани каби, Украинанинг электр тизимига зарбалар берди ва Х-31П каби радарларга қарши ракеталар ёрдамида Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини йўқ қилишга ҳаракат қилди.

Бироқ, BBC News нашрининг Украина ҳукуматидаги манбаси ҳужумдан бир неча кун олдин кўприклар ва темирйўл линиялари янги ялпи ҳужумлар нишонига айланиши мумкинлиги ҳақида аллақачон огоҳлантирган эди.

Россияликларнинг 9 мартга ўтар кечаси уриб туширилган қанотли ракетаси парчалари
Фото: CHERNIGOV REGION POLICE

Россия армиясининг қиш ойларида Украинани музлатиш ва зулматда қолдириш режаси муваффақиятсизликка учради. Энди улар энергетика тизимларидан транспортларга ҳужумга қилишга ўтиши мантиқан тўғри бўлади. Маълумки, Россия ҳарбийлари узоқ вақтдан бери Украинага Ғарб қуролларини етказиб бериш йўлларини кесиб қўйишни орзу қилади.

Бошқа томондан, рус ҳарбийларининг ҳаракатларидан мантиқийликни топишга уриниш ҳозиргача бефойда иш бўлиб қолмоқда.

«Негадир биз иситиш мавсумининг тугаши ва ‘Украинани музлатишʼ стратегиясини давом эттиришнинг аниқ маъносизлиги ‘ракеталар уруши’га нуқта қўяди деб ҳисоблагандик. Лекин афтидан бундай эмас», дейди «Стратегия ХХИ» Украина глобал тадқиқотлар марказининг хавфсизлик бўйича мутахассиси Павел Лакийчук.

Унинг таъкидлашича, бунинг сабаби шунчаки Россия ҳарбий раҳбарияти тафаккуридаги инерция ёки оддий номувофиқлик бўлиши мумкин.

«Ушбу урушда руслар кўпинча ўз хатти-ҳаракатларининг мантиқсизлигини кўрсатди. Шунинг учун, душман энергия инфратузилмасини ўққа тутишдан транспорт инфратузилмасига ҳужум қилишга ўтиши ёки йўқлигини тахмин қилишга уринишдан маъно йўқ», дея қўшимча қилган Лакийчук.