Жиззахда икки фуқаро томонидан тайёрланган ҳазиломуз видео ижтимоий тармоқларда тарқалган. Видео қаҳрамонларидан бири йўл-патрул хизмати ходими ролини ўйнаган.

Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ видеони ички ишлар органларини обрўсизлантириш деб баҳолаган. Лекин вайнерлардан бири бу видео орқали ходимларнинг устидан кулиш нияти бўлмагани, шунчаки одамларга яхши кайфият улашмоқчи бўлганини таъкидлаган.

Жиззахлик вайнерлар / Фото: Kun.uz

“Ўзим вайнерман. Бу видеони беш кун олдин Россия каналларининг бирида кўриб қолгандим ва уни таржима қилиб чиқардим. Лекин бундан мақсад ҳеч бир орган ходимининг устидан кулиш эмас, одамларга соф кулги улашиш мақсадида қилганман. Ҳамма видеоларим шу мақсадда қилинади”, – деган видеода ЙПХ ходими ролида кўриниш берган йигит суд мажлисида.

Жиззах вилоят ИИБ томонидан видеодаги фуқароларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган ва ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судига тақдим этилган.

Вайнерларга 10 ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан исми очиқланмаган судя / Фото: Kun.uz

Суд томонидан вайнерлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-, 209-1-моддалари билан айбдор деб топилган. ЙПХ ходими ролини ўйнаган фуқарога 15 сутка, ҳайдовчи ролини ижро этганга эса 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг фикрича, вайнерларнинг қилмиши тўғри малакаланмаган. Уларга асоссиз айбловлар қўйилган. Адвокат буларни шундай изоҳлайди.

“Видеодаги шахснинг ҳаракатларини юридик таҳлил қиладиган бўлсак, аввало, унинг эгнидаги сариқ рангли нимча, бош кийими махсус формали кийим-бош эканига аниқлик киритилиши керак. Бундан ташқари, ушбу кийим ички ишлар органларининг белгиланган намунадаги махсус формаси эканига тегишли мутахассис ёки экспертиза хулосаси билан ойдинлик киритилиши шарт”,