Улуғбек Шодибеков бу мавзуда “Chotki Tv” YouTube-каналига интервю берган.

Фарҳоднинг жароҳатланиши қандай рўй берди?

— Бассейнга берилган картамиз анча олдин берилганди. Аммо у ерга бормаётгандик. Фарҳод жароҳат олган куни қўнғироқ қилиб, шу бассейнга борайлик, чўмилайлик деб қолди. Бу таклиф менга ҳам маъқул бўлди.

У сув тагида сузишни яхши кўрарди. Борганимиздан кейин у билан сув ичида суратга тушдик. У пайт ҳали бурнини жароҳатлаб олмаганди. Суратни унга кўрсата туриб: “Ўртоқ, қара, қайси биримиз ўтиб қолсак, эсдаликка зўр сурат бўлиб қоларкан-а” деб айтдим. Бу гап қаердан хаёлимга келганини, нима учун бу гапни айтганимни билмайман. Бу гапимдан Фарҳоднинг жаҳли чиқди. “Тўғри гап гапирсанг-чи”, деб айтди.

Шундан кейин у бассейнга тушиб кетди. Мен салдан кейин унга қўшилишимни айтдим. Бир пайт унинг оғриқдан иҳраган овози эшитилди. Нима бўлди деб сўрагандим, бошимни уриб олдим деб айтди. Бошида мен буни жиддий қабул қилмадим, кўзингга қараб сузмайсанми деб унинг устидан кулдим. Кейин қарасам кўриниши яхшимас. Олдига югуриб бордим.

Бошини бассейн четига қаттиқ урганидан пешонасига кафел изи тушиб қолганди. Бурнининг усти шилинган, тиши аралаш оғзидан озгина қон чиқаётганди. Дарров муз олиб келиб жароҳатига босдик.

Одатда, биз билан нима ҳолат бўлишидан қатъи назар буни видеога олиб аудиторимизга бўлишамиз. Бу биз учун бир саргузашт. Оёғимиз ёки қўлимиз синиши аудитория учун қизиқ. Шу сабабли Фарҳоднинг устидан кулиб ҳолатни видеога олдик.

Шифокорни ким тавсия қилди?

— Фарҳод Манноповнинг бурнини операция қилган шифокорни бассейндаги номаълум йигит тавсия қилди, унинг телефон рақамини берди. Мана шу кишига боринг, яхши мутахассис деди.

Бассейнда бирпас ўтириб чиқиб кетдик. Мен яқин атрофдаги клиникага борамизми деб ўйлагандим, лекин Фарҳод Star Med'даги шифокорга қўнғироқ қилибди. Айтишларича, унга бирданига телефон қилиб тушиш муаммо экан, одамлар қабулига кириш учун навбат кутиб туришаркан. Лекин у бизга вақт ажратиб, келаверинглар деб айтди.

Дарров етиб бордик. Фарҳод жароҳат олганидан роппа-роса бир соат ўтган вақтда клиникада эдик. Фарҳод саволларини берди, дўхтир уларга жавоб берди. Операция пулини гаплашдик, муддатини келишдик. “Эртага эрталаб келасиз, таҳлиллар топширилади, шифокорлар кўригидан ўтилади” дейишди.