Мактаб таълимида БАА билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда
Ўзбекистон ҳамда БАА ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, СТЕМ фанлари ҳамда араб тилини ўқитиш бўйича ўзбек мактабларига араб мутахассислари жалб этилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг хабар беришича, вазир Ҳилола Умарова бошчилигидаги делегация БААнинг пойтахти Абу-Дабида бўлиб турибди. Хизмат сафари давомида вазирлик делегацияси қатор таълим ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилаётгани маълум қилинди. Хусусан, вазир БАА Таълим вазири Доктор Аҳмад Белҳул Ал Фаласи билан учрашиб:
- 2 давлат таълим тизимларини ўрганиш ва ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни ташкил этиш;
- Ўзбекистонда хорижий тил сифатида араб тили ўқитиладиган мактаблар учун ўқув-методик мажмуаларни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш;
- педагогларнинг малакасини ошириш, улар фаолиятини лицензиялаш бўйича тажриба алмашиш;
- мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш каби масалаларни муҳокама қилишган.
Шунингдек, Ҳилола Умарова БАА Президенти Девонининг таълим ва тадқиқотлар бўйича котиби ўринбосари Доктор Абдуллоҳ Муғробий билан ҳам учрашган. Унда СТЕМ фанлари ҳамда араб тилини ўқитиш бўйича БААдан мутахассисларни жалб этиш бўйича масалалар муҳокама қилиниб, вазирлик котибият ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Сўнг Умарова ва унинг делегацияси Аlef Education ташкилоти бош офисида бўлиб, Аlef рақамли таълим платформасини Ўзбекистонда маҳаллий шароитга мослаштирилган ҳолда жорий этиш каби масалалар ҳақида суҳбатлашилган.
Маълумот учун, Аlef рақамли таълим платформаси қуйидаги, яъни:
- ўқувчилар билимини баҳолаш;
- педагоглар фаолиятини ўқувчилар билимига асосланган ҳолда катта ҳажмдаги маълумотлар ( Big Data) ва сунъий интеллект ёрдамида баҳолаб бориш;
- ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини тизимдаги маълумотлар таҳлили асосида прогнозлаш;
- араб тилини чет тили сифатида ўқитиш ҳамда СТЕМ йўналишидаги таълимни онлайн платформа ёрдамида йўлга қўйиш каби имкониятларга эга платформа ҳисобланади.
Бундан ташқари, сафарда вазирлик дунёда 181-ўринда турувчи Халифа фан ва технологиялар университети ижрочи вице-президенти Доктор Аҳмад ал Шоиби билан ҳам учрашиб, қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олишган:
- ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
- халқаро илмий конференцияларни биргаликда ташкил этиш;
- тажриба алмашиш дастурини жорий этиш.
Эслатиб ўтамиз, шу вақтгача Ўзбекистонда президент мактабларида СТEМ фанлари ўқитиб келинаётган эди.
Kun.uz СТEМ тизимида ўқитишнинг аҳамияти ҳақида ҳам алоҳида мақола эълон қилганди.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
18:35 / 03.10.2024