Эрон ва Саудия Арабистони 2016 йилда узилган дипломатик муносабатларни қайта тиклашга келишиб олди. Бу бутун Яқин Шарқ учун муҳим воқеа бўлди, чунки бу ерда воқеалар ривожини асосан ушбу икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик белгилайди. Яраштирувда Хитой катта роль ўйнади ва бу россиялик пропагандачилар ҳамда ҳукуматпараст шарҳловчиларга жуда ёқиб тушди. Улар буни АҚШнинг минтақадаги таъсири пасайиб бораётганига далил сифатида кўрмоқда. Бироқ, Эрон сиёсати бўйича эксперт, «Эрон бўйича навбатчи» Телеграм-канали муаллифи Никита Смагин Carnegie Politika нашри учун ёзган мақоласида қайд этишича, аслида Пекин нафақат Вашингтон, балки Москва учун ҳам рақобатчидир.

Яқин Шарқдаги икки асосий рақиб — Эрон ва Саудия Арабистони етти йиллик танаффусдан сўнг дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олди. Икки анъанавий рақибнинг тўлиқ ярашуви истиқболи ҳали ҳам савол остида қолаётган бўлса-да, бундай қарор ҳозирда икки томон учун ҳам фойдалидир.

Лекин бу келишувдан мутлақ манфаат кўриши аниқ бўлган давлат — бу Эрон ва Саудия Арабистони музокараларида воситачи бўлган Хитойдир. Олдинлари Пекин Яқин Шарқдаги сиёсий жараёнларга унчалик қизиқиш билдирмасди. Аммо ҳозирда Хитойнинг бу минтақадан АҚШ ва Россияни сиқиб чиқариши сценарийси тобора реал кўринмоқда.

Эроннинг мажбурлови

Эрон ва Саудия Арабистони дипломатик алоқалари 2016 йилда, Саудия Арабистони таниқли шиа уламосини (оятуллоҳ Нимра ан-Нимра) қатл қилганидан кейин узилган эди. Алоқаларни тиклаш тўғрисидаги келишув бир йилдан кўпроқ вақт давомида муҳокама қилинди. Ироқ дастлабки воситачи бўлди. 2021 йил апрелидан бошлаб Бағдодда музокараларнинг бир неча раунди бўлиб ўтди. Музокаралар боши берк кўчага кириб қолди ва бир неча ойга тўхтади, кейин эса яна қайта тикланди.

2022 йил январ ойида келишувга яқин қолгандек туюлганди. Саудия Арабистони 2016 йилдан бери илк бор Ислом ҳамкорлик ташкилотида ишлаётган уч нафар эронлик дипломатга виза берди (ташкилот бош қароргоҳи Саудиянинг Жидда шаҳрида жойлашган). Теҳрон эса Саудия Арабистони ва Ироқ энергетика тармоқлари бирлаштирилишига ижобий муносабат билдирди, бунга қадар Эрон Ироқ энергетикасини фақат ўз манфаатлари доирасига киритар эди.

Бироқ, 2022 йил келишув йили бўлмади. Эрон ҳукумати норозилик намойишлари ва бошқа ички муаммоларни бостириш билан машғул бўлди. Украинадаги уруш фонида Теҳрон ва Москва ҳамкорлиги ҳам эътибор марказига тушди. Эронликларнинг саудияликлар билан муроса қилишга уринишларини ҳеч ким эсламади. Шу сабаб ҳам 2023 йил март ойида Пекинда муносабатларни нормаллаштириш шартномаси тузилиши кутилмаган воқеа бўлди.