Европа Иттифоқи давлатлари яқин 12 ой ичида бир йилдан ортиқ вақт давомида Россиянинг кенг кўламли босқинидан ўзини ҳимоя қилиб келаётган Украинага бир миллион янги артиллерия снарядларини етказиб бериш ниятида. Бу ҳақда 20 март, душанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилишида иштирок этаётган бир неча дипломатларга таяниб, dpa агентлиги хабар берди.
Ўз навбатида, AFP ўз манбаларига таяниб, Евроиттифоқ кенгаши йиғилишида Украина учун 2 миллиард еврога ўқ-дорилар сотиб олиш режаси келишилганини ёзади. Агентликнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи давлатлари снарядларни биргаликда етказиб бериш бўйича принципиал равишда келишиб олдилар.
Йиғилиш бошланишидан аввал Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Украина учун ўқ-дориларни биргаликда сотиб олиш бўйича келишувга эришишга умид билдирганди. «Умид қиламанки, ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари биргаликда Украинани ўқ-дорилар билан таъминлаш бўйича келишув тайёрлашни якунлайдилар», — деди Европа дипломатияси раҳбари музокаралар олдидан журналистларга. Келишувларга эришилмаса, Европа Иттифоқи қийин аҳволга тушиб қолади ва Киевга қурол етказиб беришда қийинчиликларга дуч келади, дея огоҳлантирди Боррел.
20 март куни Европа Иттифоқи вазирлари Украинани артиллерия снарядлари билан таъминлаш, ўз захираларини тўлдириш ва Европа мудофаа саноатини мустаҳкамлаш режаси бўйича тайёргарлик жараёнини якунлашга ҳаракат қилмоқда. Учрашувда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба иштирок этмоқда. Европа Иттифоқининг мақсади бу йил Украинага 1 миллион 155 миллиметрли артиллерия снарядларини юбориш. Жозеп Боррел Европа Иттифоқига аъзо давлатларни ўз захираларидан снарядлар билан таъминлашга ундаш учун 1 миллиард евро ажратиш таклифи маъқулланишига эришмоқчи. Яна 1 миллиард евро янги буюртмаларни тезлаштириш ва давлатларни Европа мудофаа агентлиги орқали ёки кичик гуруҳларда харидлар бўйича биргаликда ишлашга ундаш учун ишлатилади. Германия бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирди.
Йиғилишда Европа мудофаа саноатини узоқ муддатда ишлаб чиқаришни ошириши учун қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинади. Брюссел расмийлари, агар режа тасдиқланса, қўшма буюртмалар май ойигача топширилиши мумкинлигини айтди.

















