Жаҳон | 07:52 / 20.03.2023
16124
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: ХЖСнинг Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги ордери - бурилиш нуқтаси

Украина президенти Володимир Зеленский кундалик видеомурожаатида Халқаро жиноий суднинг Владимир Путинни ҳибсга олиш учун берган ордерини урушдаги бурилиш нуқтаси деб атади. 

Фото: president.gov.ua

«Бу ҳафта ниҳоят Украина учун, адолат учун ҳақиқатан ҳам муҳим халқаро ҳуқуқий натижа келтирди. Халқаро жиноий суднинг Россия раҳбарини ҳибсга олиш учун ордери бор ва бу бурилиш нуқтаси. Шундан сўнг Россия учун бу тажовузнинг якуни унинг тўлиқ масъулияти бўлиши ойдинлашди», деди Зеленский.

АҚШ президенти Жо Байден 17 март куни Владимир Путин «уруш жиноятларини аниқ содир этгани» ва Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олиш учун ордер берилгани асосли эканини айтди. «Бироқ, муаммо шундаки, бу бутун дунёда, жумладан бизда ҳам тан олинмайди. Лекин менимча, бу жуда кучли баёнот», - дея Байденнинг сўзларини келтиради Reuters.

Халқаро жиноий суднинг қарорлари уни 1998 йилда ташкил этган халқаро шартнома - Рим статутини имзолаган давлатлар учун мажбурийдир. Гап 123 та давлат, жумладан Европанинг барча мамлакатлари, Жанубий Америка, шунингдек, Тожикистон, Жанубий Африка, Афғонистон, Марказий Африка Республикаси ва Нигерия ҳақида бормоқда. Бироқ, улар орасида Қўшма Штатлар ҳам, Россия ҳам йўқ.

Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер бергани ҳақида 17 март, жума куни ХЖС сайтида хабар берилган. Суд Россия президентини ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумон қилмоқда. Путин «ушбу жиноятлар учун бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ёки бошқа шахслар орқали, шунингдек, ушбу ҳаракатларни содир этган фуқаролик ва ҳарбий хизматчилар устидан тегишли назоратни амалга оширмагани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин», дейилади хабарда.

Худди шундай ҳибсга олиш ордери Россия президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган. ХЖС қарорида айтилишича, Ҳаага суди «у юқоридаги жиноятлар учун шахсан жиноий жавобгарликка тортилиш учун етарли асосларга эга, чунки у бу қилмишларни бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ва/ёки бошқа шахслар орқали содир этган».

Мавзуга оид