Жаҳон | 07:43 / 21.03.2023
22643
2 дақиқада ўқилади

Қримдаги шаҳарга дронлар ҳужум қилди

Қримдаги Жанкой шаҳрига дронлар ҳужуми кузатилди, бир киши яраланган. Украина разведкаси маълум қилишича, темирйўлда «Калибр» қанотли ракеталари йўқ қилинган.

Фото: T.ME/KRYUCHKOVOLEG

Аннексия қилинган Қримнинг Жанкой шаҳри аҳолиси вакиллари 20 март куни кечқурун шаҳарда портлашлар ва отишмалар овозлари эшитилаётгани тўғрисида хабар бера бошлади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларга кўра, Жанкойга камикадзе дронлар ҳужум уюштирган. Жанкой учувчисиз учиш қурилмалари ҳужумига йўлиққани ҳақида шаҳар маъмурияти раҳбари Игорь Ивин ҳам маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Жанубий кўчадаги турар жой биноси шикастланган, Перекопская кўчасидаги озиқ-овқат дўконида ёнғин чиққан.

Аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов Жанкой ҳудудида «ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушгани» ҳақида хабар берди. Жанкой раҳбари эса шаҳардаги икки кўчада дрон қолдиқлари топилганини маълум қилди. Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючков дрон қолдиқлари суратларини эълон қилган.

Ҳодиса оқибатида, расмий маълумотларга кўра, бир киши яраланган. Маҳаллий аҳоли вакили, озиқ-овқат дўкони сотувчиси бўлган 33 ёшли киши осколкадан жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган. Жанкой раҳбари унинг ҳаёти хавф остида эмаслигини билдирди.

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси Жанкойда темирйўл орқали ташилаётган «Калибр-НК» русумли қанотли ракеталари йўқ қилингани тўғрисида маълумот берди. Разведкадагиларнинг қайд этишича, бу ракеталар РФ Қора денгиз флоти кемаларидан учирилиши режалаштирилганди. 

Украина ҳукумати бир неча марта Россия билан уруш РФ қўшинлари Украинанинг босиб олинган барча ҳудудларидан, жумладан 2014 йилда аннексия қилинган Қримдан ҳам кетгачгина якунланиши мумкинлигини маълум қилган. 2022 йил августида украиналик ҳарбийлар Россиянинг Қримдаги авиабазаларига зарбалар йўллаганди. Сентябр ойи бошида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний урушнинг 2023 йилги истиқболлари тўғрисидаги мақоласида Қримни озод этиш бўйича ҳарбий амалиёт ўтказилиши мумкинлигини истисно этмаганди.

Мавзуга оид