Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зилзила оқибатида республика ҳудудида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмаганини маълум қилди. 

«Республика ҳудудида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмади. Бино ва иншоотларга зарар етмаган.

Ўз навбатида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолидан саросимага тушмасликни ва ваҳимага берилмасликни сўраб қолади. Баъзи-баъзида шундай зилзилалар республикамиз ҳудудида кузатилиб туради», дейилади вазирлик хабарида.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ўз каналида ёзишича, бугунги зилзила ортидан қисқа вақт ичида яна кучли зилзила бўлиши эҳтимоли деярли йўқ.

«Афғонистонда содир бўлган кучли зилзила икки плитанинг ўзаро бирлашган нуқтасига яқин ҳудудда содир бўлди. 

Ўзбекистонда сейсмик қўзғалиш кўп жиҳатдан Ҳиндистон ва Евросиё плиталарининг ўзаро таъсирига боғлиқ. Мазкур плиталарнинг сейсмик туташуви Афғонистонда жойлашган бўлиб, у ерда чуқур фокусли зилзилалар (130 км.дан чуқурликда) тез-тез учрайди. Ўзбекистонда мазкур сейсмик фаолликнинг акс-садолари етиб келади. Соат 21:47 да кузатилган зилзила ҳам шулар жумласидан.

Эпимарказида 6,6 магнитудали зилзиланинг 220 км чуқурликда бўлиши ва ортидан афтершоклар кузатилмаслиги унинг анчагина чуқурликда рўй бергани билан тушунтирилади. Бундай жараёнда зилзила ортидан қисқа вақтда яна қайта кучли зилзиланинг бўлиш эҳтимоли жуда паст (йўқ ҳисоби)», деган у.

Бугун, 21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 балли зилзила содир бўлди. Ушбу зилзила кучи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам сезилди.

Зилзила координаталари: 36,41 градус шимолий кенглик; 70,98 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=6,6. Чуқурлик 220 км.

Ўзбекистон ҳудудидаги силкинишлар кучи:

  • Сурхондарё вилояти: 5−6 балл, 342 км
  • Фарғона вилояти: 5 балл, 447 км
  • Сирдарё вилояти: 5 балл, 493 км
  • Жиззах вилояти: 5 балл, 496 км