Жаҳон | 10:26 / 23.03.2023
12869
2 дақиқада ўқилади

Полшада АҚШ армиясининг биринчи доимий гарнизони иш бошлади

Костюшко лагеридаги АҚШ армияси гарнизони АҚШ Қуролли кучларининг Европадаги саккизинчи доимий гарнизони бўлди. У ерда 13 нафар америкалик ҳарбий ва 140 нафар фуқаро хизмат қилмоқда.

Фото: AFP

Полшада АҚШ армиясининг биринчи доимий гарнизони Познан шаҳрида ишлай бошлади. Унинг вазифаси мамлакатда жойлашган барча америкалик ҳарбийларни инфратузилма билан таъминлашдан иборат, дея тушунтирди Полша Мудофаа вазирлиги 22 март, чоршанба куни.

Аввалроқ Пентагон гарнизонда 13 нафарга яқин ҳарбий ва 140 нафар фуқаро хизматчиси бўлишини маълум қилганди. Познан гарнизони АҚШ Қуролли кучларининг Европадаги саккизинчи доимий гарнизони бўлди.

Бугунги кунда Полшада 11 мингга яқин америкалик ҳарбий хизматчилар жойлаштирилган. Уларнинг аксарияти АҚШнинг турли ҳарбий базалари ўртасида ротация бўйича алмаштирилади. Оқ уй 2022 йил июн ойида «НАТОнинг шарқий қанотидаги АҚШ армияси биринчи доимий бўлинмалари» Полшада жойлаштирилишини эълон қилди.

21 март куни Полша бош вазири ўринбосари ва мудофаа вазири Мариуш Блашчак Полша минтақавий қўллаб-қувватлаш гуруҳини (ASG-P) АҚШ армияси гарнизони (USAG-P)га айлантириш бўйича Познандаги Костюшко лагерида тантанали маросимда иштирок этди.

Костюшко лагери 18-аср охирида Мустақиллик учун урушда Қўшма Штатлар томонида жанг қилган полшалик офицер Тадеуш Костюшко шарафига номланган. 2022 йил июл ойида Костюшко лагери номи 2020 йилдан бери Полшанинг Познан шаҳрида фаолият юритаётган АҚШ Бешинчи армия корпусининг илғор қўмондонлиги базасига берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид