Жаҳон | 10:12 / 23.03.2023
12266
2 дақиқада ўқилади

Тихановская Беларусни Россия билан алоқаларни узишга чақирди

Беларус демократик кучлари етакчиси АҚШга ташрифи чоғида Беларусни Украинага қарши урушда қатнашишни тўхтатишга чақирди.

Фото: Getty Images

Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Вашингтонга ташрифи чоғида Беларусни Россия билан алоқаларни узишга чақирди. 22 март, чоршанба куни АҚШ Конгрессида сўзга чиқиб, у Кремлга Украинага ҳужум қилиш учун Беларусдан фойдаланишга рухсат берган Александр Лукашенконинг ҳаракатларини танқид қилди.

Тажовузкор мамлакат «Украинага ҳужум қилиш ва унга таҳдид солиш» учун Беларус, унинг ҳаво ҳудуди ва инфратузилмасидан ҳарбий мақсадларда «эркин фойдаланади», деди Тихановская. «Россиянинг Беларус ички ишларига аралашувига қарши туриш вақти келди. Россия ноқонуний режимни қўллаб-қувватлаб, миллий ўзлигимизга қарши мустамлакачилик ҳаракатларини амалга оширмоқда», - деди у. Беларус президентлигига собиқ номзод мамлакатни Украинага қарши урушда қатнашишни тўхтатишга чақирди.

Март ойи бошида Минск шаҳар суди Тихановскаяни сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Тергов унга бир вақтнинг ўзида ўнта айблов қўйди: унвон ва ҳокимиятни рухсатсиз тортиб олиш, миллий хавфсизликка қарши ҳаракатларда хорижий давлатга ёрдам бериш, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун фитна уюштириш, нафрат уйғотиш, экстремистик тузилма яратиш, МСК ишига тўсқинлик қилиш ва бошқалар.

Тихановскаянинг сўзларига кўра, Беларус ҳукумати бу ҳукм билан унга нима демоқчи бўлганлиги ҳақида ўйламаяпти. У «ҳукм билан ёки усиз сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва мамлакатни демократик ўзгаришлар сари етаклаш учун барча имкониятларни ишга солишни» давом эттирмоқчи.

Мавзуга оид