Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинага кучсизлантирилган уранли снарядлар етказиб берилади. Путин жавоб қайтариш билан таҳдид қилди
Бироқ Россиянинг ўзида ҳам бундай қуроллар бор. Кескин реакцияга сабаб аслида нима?
Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари баронесса Аннабел Голди Лондон Украинага ядролари кучсизлантирилган уранли артиллерия снарядларини юбораётганини тасдиқлади.
Бу баёнот Россия расмийлари, жумладан, президент Владимир Путиннинг ўта кескин реакциясига сабаб бўлди. Аммо украиналик ва россиялик қуролли кучлар бўйича экспертлар бундай ўқ-дорилар Россияда ҳам ишлаб чиқарилишини айтмоқда.
«Украинани Chellenjer-2 асосий жанговар танклари билан таъминлаш билан бир қаторда, биз ўқ-дорилар, жумладан, таркибида кучсизлантирилган уран бўлган зирҳни тешувчи снарядларни ҳам Киевга етказиб берамиз», деган Голди ҳамкасбларидан бирининг парламент сўровига жавобан.
«Бундай снарядлар замонавий танклар ва зирҳли техникаларга қарши юқори самарадорликка эга», дея қўшимча қилган у.
Россия расмийлари бу янгиликка очиқча ғазаб билан муносабатда бўлди ва бу қадамга қандай жавоб беришни жиддий ўйлаб кўриш билан таҳдид қилди.
Кучсизлантирилган уран нима ўзи?
Кучсизлантирилган уран бойитилган уран ишлаб чиқаришдаги қўшимча маҳсулотдир.
Кучсизлантирилган уран ўзининг юқори зичлиги ва мустаҳкамлиги билан ажралиб туради ва шу хусусиятлари сабаб ҳарбий техника учун зирҳ ишлаб чиқаришда ҳам, ўқ-дорилар ишлаб чиқаришда (зирҳ тешувчи ракеталарнинг асоси сифатида) ҳам ишлатилади.
Бундай уран гарчи заҳарли ва канцероген (зарарли ўсимталар пайдо қилувчи) ҳисобланса-да, жуда юқори радиоактивликка эга эмас.
Европа Иттифоқи сайтида айтилишича, кучсизлантирилган уранли ўқ-дорилар Форс кўрфази урушларида, шунингдек, Сербия ва Косовода қўлланган. Улардан фойдаланиш майдаланган уран таъсиридан келиб чиқадиган соғлиқ учун жиддий хавфлар сабаб ташвишлар уйғотган. Европа Иттифоқи веб-сайтида таъкидланишича, бир неча тадқиқотлар давомида модданинг зарарли эканига етарли далиллар топилмаган, аммо мутахассисларнинг хулосалари турлича талқин қилинган.
Ўз навбатида, АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги веб-сайтида айтилишича, кучсизлантирилган уран танага кириб кетса, жуда хавфлидир.
2018 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган кучсизлантирилган урандан фойдаланиш тўғрисидаги резолюцияда Халқаро атом энергетикаси агентлиги (ХАЭА/МАГАТЭ) тадқиқотларига таяниб, «тегишли ўқ-дориларни қўллаш натижасида кучсизлантирилган урандан ажралиб чиқувчи майда зарралар билан ҳудуднинг маҳаллий ифлосланиши оқибатида аҳоли ва атроф-муҳит учун юзага келадиган радиологик таҳдид катта эмас» дея қайд этилган.
«Бироқ, кучсизлантирилган уранли ўқ-дорилар парчалари ёки яхлит ўқ-дорилар топилиши ҳолатлари ҳақида гап кетганда, бундай парчалар ёки ўқ-дорилар билан бевосита алоқада бўлган одамларга радиация таъсир қилиш эҳтимоли мавжуд», дейилади резолюцияда.
2022 йил декабр ойида БМТ Бош Ассамблеяси тегишли халқаро ташкилотлар томонидан олиб борилган изланишлар таркибида уран бўлган қурол ва ўқ-дорилардан фойдаланиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган узоқ муддатли оқибатлар кўлами ҳақида етарлича тўлиқ тасаввур бермаслиги айтилган яна бир резолюция қабул қилди.
«Яна бир босқичдан ўтилди, улар тобора кам қолмоқда»
Кремл Украинада бундай ўқ-дорилардан фойдаланишни «ифлос бомба»дан фойдаланиш сифатида кўришини маълум қилди.
21 март куни Владимир Путин агар Буюк Британия Киевга Chellenjer-2 танклари учун мўлжалланган кучсизлантирилган уранли ўқ-дориларни етказиб бера бошласа, Россия жавоб беришга мажбур бўлишини айтди.
«Афтидан, Ғарб ҳақиқатан ҳам Россия билан сўнгги украингача жанг қилишни сўзда эмас, амалда ҳам хоҳламоқда. Шу муносабат билан шуни таъкидлашни истардимки, агар буларнинг барчаси амалга ошса, коллектив Ғарб ядровий компонентли қуроллардан фойдаланишни бошлаганини ҳисобга олган ҳолда Россия жавоб ҳаракатини амалга оширишга мажбур бўлади», деган Путин.
Буюк Британия бош вазири Риши Сунакнинг айтишича, Chellenjer-2 танклари Украинага март ойидаёқ етказиб берилади.
Оқ уйнинг хабар қилишича, айни вақтда АҚШнинг Украинага бундай ўқ-дориларни етказиб бериш нияти йўқ.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киев кучсизлантирилган уранли снарядлар билан таъминланиши Ғарб нафақат таваккалчиликка, балки халқаро ҳуманитар ҳуқуқни бузишга ҳам тайёрлигини англатишини айтиб ўтди.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу журналистнинг ядровий тўқнашувнинг эҳтимолий яқинлашуви ҳақидаги саволига жавоб берар экан, бу йўлда яна бир қадам ташланганини қайд этди.
«Бу ерда биз фақат бир нарсани айтишимиз мумкин. Босқичлар унчалик ҳам кўп эмас... Яна бир босқичдан ўтилди, улар тобора камайиб бормоқда», деган Шойгу. Унинг қўшимча қилишича, Британиянинг мақсадлари Россияни бунга қандай жавоб бериш ҳақида жиддий ўйлашга ундамоқда.
Таҳлил. Москва снарядларнинг заҳарлилигидан эмас, балки уларнинг тешиб ўтиш қобилиятидан хавотирда
Павел Аксенов, BBC ҳарбий кузатувчиси
STAN HONDA/AFP VIA GETTY IMAGES
Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари баронесса Голди айтиб ўтган кучсизлантирилган уранли асосга эга бўшкалибрли снарядлар қандайдир экзотик қурол эмас, балки дунёнинг кўплаб армиялари томонидан ишлатиладиган стандарт ўқ-дорилардир.
Бундай снарядлар вольфрам ёки кучсизлантирилган уран ёрдамида тайёрланган оғир ва мустаҳкам қотишмалардан ясалган юпқа асосдан иборат. Уларнинг қобиғи эса, аксинча енгил бўлади.
Снаряд асоси патли ўққа ўхшайди. Бундай снарядлар оддий ўқ-дорилар каби қурол стволида тезлашади ва парвоз пайтидаёқ қобиқдан халос бўлади, лекин оғирликни йўқотмайди ва катта ҳаво қаршилигига дуч келмайдиган нозик «ўққа» айланади. Бундай снаряд катта тезликда уча олади ва зирҳ билан тўқнашиб, катта кинетик энергияни пайдо қилади — бу зирҳ тешувчи снаряднинг асосий зарар етказувчи омилидир.
Бўшкалибрли снарядлар зирҳли транспорт воситаларига қарши курашда энг самарали ўқ-дорилардан бири бўлиб, улар Иккинчи жаҳон урушида ҳам қўлланган. Барча замонавий танклар бундай снарядлар билан қуролланган. Уларнинг аксарияти кучсизлантирилган урандан фойдаланади.
Challenger-2 танкининг L30 замбараги учун бундай ўқ-дориларнинг икки тури ишлаб чиқилган. Улар L26А1 ва L27А1. Германиянинг Leopard-2 ва АҚШнинг Abrams М1 танклари қуролланган Rheinmetall Rh-120 тўпи учун ҳам уран асосга эга бўлган бўшкалибрли снарядлар ишлаб чиқилган.
СССР ва Россияда бундай снарядлар 1980-йиллардан бошлаб ишлаб чиқила бошланган. Т-80 оиласи танклари қуролланган 2А46М-4, Т-90А ва Т-90М танкларига ўрнатилган 2А46М-5 тўплари учун бир неча йил олдин уран асосли 3БМ59-1 «Свинец-1» снаряди яратилганди.
Кучсизлантирилган урандан фойдаланадиган яна бир кенг тарқалган танк снаряди — 3БМ32 «Вант» ҳисобланади.
Бундан ташқари, СССР ва Россияда вольфрам қотишмаларидан фойдаланган ҳолда ҳам танк снарядлари яратилган.
Бироқ, Россия армияси Украинага қарши урушда кучсизлантирилган уранли ўқ-дориларидан фойдалангани ҳақида ҳозирча тасдиқланган маълумотлар йўқ.
Ҳарбий ишларда кучсизлантирилган урандан снарядлардан бошқа воситаларда ҳам фойдаланилади. Масалан, ушбу материалдан тайёрланган пластиналар Abrams танкларининг баъзи модификацияларида мавжуд Chobham типидаги кўп қатламли зирҳларда ҳам ишлатилади.
Снарядларни тайёрлашда ишлатиладиган кучсизлантирилган уран соғлиқ учун қанчалик зарарли бўлиши мумкинлиги ҳақида аниқ фикр йўқ, аммо бу юқори зирҳ тешиш қобилиятига эга жуда самарали қурол.
Ва ҳар қандай ҳолатда ҳам, бундай снаряд келиб урилган танкда бўлганлар учун унинг асосининг мумкин бўлган заҳарлилиги снаряд келтириб чиқарадиган муаммоларнинг энг кичикдир.
Шундай экан, Россия раҳбариятининг кескин реакцияси Британия танклари учун юборилаётган снарядлар таркибида кучсизлантирилган уран мавжудлигига эмас, балки улар рус танкларини янада самаралироқ йўқ қилиши мумкинлиги боғлиқ.
Мавзуга оид
10:02
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
14:20 / 11.06.2026