Германия давлат мулозимлари яқинда Ҳаага трибунали томонидан Путинга нисбатан қидирув эълон қилганига муносабат билдириб, “агар Путин Германияга келса, биз уни қамоққа олишга мажбур бўламиз” деган маънода фикр билдиришган.
Бунга жавобан, Медведев “Россия – ядровий қудратли давлат. Унинг президенти В.Путиннинг қамоққа олиниши – уруш эълон қилинишини билдиради. Агар В.Путин қамоққа олингудек бўлса, шу заҳоти Германияга Россиянинг ядровий ракеталари учади” деган.
Хўш, Путин шу яқин орада Германияга бориши кутиладими? Германия ҳам Путинни таклиф қилишдан манфаатдорми? Агар борса, нима бўлади?
Путин – ниҳоятда эҳтиёткор сиёсатчи. Мисол учун, олдинги Россия президенти Борис Ельцин билан қиёслаганда, Ельцин кутилмаган қарорлари, шижоати ва жасорати билан бошқалардан ажралиб турарди. Лекин, Путин жуда эҳтиёткор, унинг фикрлаши ва ҳаракатлар мантиғи яхши ўрганилган. Путин ўз ҳаётига таҳдид ёки риск соладиган вазиятлардан қочади.
Жумладан, коронавирус бошланганида, ўз соғлиғини ўйлаб, жиддий иҳоталанди, баъзи маълумотларга кўра, ерости бункерига тушиб яшади. Украина уруши бошлангач, ўз хавфсизлигини ўйлаб, ташқи дунёга деярли чиқмай қўйди. У учрашадиган “халқ вакиллари”, “оддий одамлар” кўпинча Россия махсус хизмати ходимлари экани ҳам яхши ўрганилган.
Германия – Рим статутига тўлиқ қўшилган, иккинчи жаҳон урушидан қаттиқ пушаймон еган, яъни халқаро жиноятлар борасида Ҳаага суди билан ҳамкорликдан қочишнинг салбий оқибатларини яхши англайдиган давлат сифатида кўрилади. Шу ҳолатларни била туриб, Путиннинг Германияга бориши – ўзининг хавфсизлигини ва Германиянинг қатъийлигини синаб кўришдан бошқа нарса эмас. Путин эса бунақа масалаларда риск қилишни ёқтирмайди.
Бошқа томондан, Германия ҳам Владимир Путинни таклиф қилиб, ўзини ноқулай аҳволга солишни хоҳламайди. Агар таклиф қилса, унга хавфсизлик борасида, иммунитет борасида ваъдалар ва кафолатлар бериши керак. Қандай қилиб, “агар бизга келсангиз, биз сизни қамоққа олишга мажбур бўламиз!” дейилганидан кейин ҳам Путин Германияга бориши мумкин?!
Қолаверса, Германия Россиянинг хавфли давлат эканини яхши билади. Бу таҳдидларни Медведев эслатиши шарт эмас. Ҳаага қидирувидан кейин, нафақат Германия, балки бошқа кўплаб ўзини ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилган давлатлар, Путинни ўз диёрларига таклиф қилишмайди. Бу билан, РФ президентининг халқаро майдонда иҳоталаниши, жиддий кучаяди.
Мисол учун, Владимир Путин Германияга борди ҳам дейлик. Германия олдида дилемма пайдо бўлади. Путинни қамоққа олиш орқали, Россия билан уруш ҳолатига кириш. Ёки В.Путинни қамоққа олмаслик сабабли, Ҳаага трибуналининг маълум норозиликлари ва танқидларига учраш. Германия, аввало, бундай дилемманинг олдини олган бўлади. Агар шундай танлов пайдо бўлганда ҳам, ўзининг манфаатлари учун, зарари камроғини танлайди. Бу, Ҳаага норозилигига сабабчи бўлса-да, Россия билан урушга йўл қўймаслик ҳисобланади.








