Ҳафта анча хавотирли ўтгани билан ажралиб турди. Кўпчилик кетма-кет икки кеча рўй берган кучли зилзилалар сабаб бир неча кун хотиржам ухлай олмади. Орада бир сутка фарқ билан икки марта 5 балли зилзила рўй бериши – Ўзбекистон учун ноёб ҳолат.

Ҳар икки сафар ҳам Тошкентда кўп қаватли уйда яшовчиларнинг бир қисми шошилинч ташқарига чиқди. Табиийки, қўрқув ва хавотирнинг кучли бўлишида ўтган ой Туркия ва Сурияда рўй берган вайронкор ер силкинишларининг ўрни бор.

Бахтимизга, республика ҳудудида зилзиладан жабрланганлар ҳақида хабарлар бўлмади. Лекин талафотлар ҳақида бундай деб бўлмайди. 21 мартдаги биринчи ер силкинишидан кейин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қанақа кўнгилсиз ҳодиса кузатилмагани, бино-иншоотларга зарар етмаганини маълум қилди. Лекин иккинчи зилзиладан кейин бунақа баёнот бўлмади.

Иккинчи кучли силкиниш 23 мартга ўтар кечаси кузатилди. Худди шу куни Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида янги қурилаётган темирйўл кўпригининг бир қисми қулаб тушди. Туман ҳокимлигининг хабарида ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум экани, буни ўрганиш учун Тошкентдан мутахассислар чақирилгани айтилди. Маълумот учун, кўприкнинг буюртмачиси ҳам, қурувчиси ҳам – “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси.

Шу куни зилзила Тошкентда ҳам кичик талафот келтиргани ҳақида интернетда тарқалган хабар рад этилди. Маълум бўлишича, Яшнобод туманидаги янги қурилган кўп қаватли уйнинг фасади кўчиб тушишига ер силкинишининг алоқаси йўқ. Фасаднинг ўпирилиши анча аввалроқ рўй берган, бу борада уйни қурган компания ва қурилиш материалини сотган фирма ўртасида суд ҳам бўлиб ўтган. Муаммо фақат декоратив характерда экани, бинонинг мустаҳкамлигига таъсири йўқлиги айтилди.

Ер силкинишлари кучи яхшироқ сезилган қўшни мамлакатларда эса аниқ талафотлар кузатилди. 21 мартдаги зилзиланинг эпицентри бўлган Афғонистонда ва унга туташ Покистонда ўндан ортиқ киши ҳалок бўлгани, ўнлаб уйларга зарар етгани маълум. Кейинги зилзила маркази бўлган Тожикистонда эса уч киши жабрланган, 60 дан ортиқ чорва моллари