Жаҳон | 08:05 / 27.03.2023
10283
2 дақиқада ўқилади

Исроил бош вазири Нетаняху мудофаа вазирини ишдан бўшатди

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Бенямин Нетаняху илгари сурган суд-ҳуқуқ ислоҳотини танқид қилгани учун ишдан бўшатилди. Бунинг ортидан Исроилнинг қатор шаҳарларида норозилик намойишлари бошланганди.

Йоав Галант / Фото: Flash90

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Исроил мудофаа вазири Йоав Галантни ишдан бўшатди. Бу ҳақда ҳукумат раҳбари девони сайтида 26 март, якшанба куни кечқурун хабар пайдо бўлди.

Ишдан бўшатиш Галант Нетаняху ҳукумати томонидан илгари сурилаётган суд ислоҳотини очиқ танқид қилганидан кўп ўтмай содир бўлди. Қонунчилик ташаббуси мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлди, бу намойишлар бир неча ойдан бери давом этмоқда.

25 март куни Галант мамлакат ҳукуматини миллий хавфсизликни сақлаш мақсадида суд-ҳуқуқ ислоҳотларини тўхтатишга чақирди. «Мамлакат ичидаги бўлиниш Исроил мудофаа кучлари ва мудофаа тузилмаларига чуқур кириб борган, бу Исроил хавфсизлигига аниқ ва жиддий таҳдид. Мен бунга йўл қўймайман», деди ўша пайтдаги мудофаа вазири. The Jerusalem Post нашрининг ёзишича, шундан сўнг Нетаняху Галантни чақирган ва шахсан унга «ишонч йўқолгани ҳақида» айтган.

Бош вазир ўзининг «Ликуд» партиясидаги айрим тарафдорлари, шунингдек, Исроил ҳукуматининг собиқ раҳбари, мухолифат етакчиси Яир Лапид томонидан танқид қилинди. У «миллий хавфсизлик сиёсий ўйинда карта бўла олмайди» ва Нетаняху ўз қарори билан «қизил чизиқни кесиб ўтди», дея маълум қилди.

Мавзуга оид